Йил бошидан тумандаги 9 та кўча бизнес, аҳоли ва сайёҳлар учун жозибадор ҳудудга айлантирилди. Бу борада Қичқириқ маҳалласидаги ўзгаришлар яхши натижа бергани қайд этилди.
Илгари инфратузилмаси етарли бўлмаган ҳудудда қисқа вақт ичида 450 ўринли боғча, спорт майдончалари, сайилгоҳ, амфитеатр, пиёдалар йўлаги ва фавворалар барпо этилди. Натижада 5,5 минг нафар аҳоли учун яшаш ва дам олиш шароити сезиларли даражада яхшиланди.
Ушбу тажрибани кенгайтириб, Олмазорда яна 8 та кўчада, пойтахтнинг қолган 11 та туманида эса камида 3-4 тадан кўчада шу каби ишлар бошланиши белгиланди.
Тошкент шаҳридаги 100 та кўчани комплекс янгилаш учун 1 триллион сўм ажратилган. Шунингдек, 400 та маҳаллани «Қичқириқ» намунаси асосида обод қилиш бўйича 4 йиллик, 10 триллион сўмлик дастур ишлаб чиқилади.
Ҳар бир туманда қайси кўча ва маҳаллада, қачон ва қандай ўзгариш бўлиши аниқ белгилаб олиниб, маҳаллий кенгашларда муҳокама қилиниши ва аҳолига очиқ эълон қилиниши зарурлиги таъкидланди.