Ўз умрини ўзининг яхши хислатлари билан энг аввало ўзига, яқинларига ҳамда атрофдагиларга сарфлашга ярамайдиган, қилмишидан тўғри хулоса чиқармаган, хато устига хато, жиноят устига жиноят содир қилган шахснинг ҳолига вой. Инсонийликни, ўзликни унутган, жиноят ботқоғига ботган кишиларга қачон, қаерда ва қандай содир этганидан қатъи назар, жинояти учун жазо муқаррар.

Қинғир йўл билан бойлик орттириш истаги одам боласини ҳамиша ҳалокатга етаклаган. Ҳаётда шундай инсонлар бор: битта насиҳат билан қилган ишининг нотўғри эканлигини англаб етади. Қайта эгри йўлдан юрмайди. Яна шундайлар борки, уларга «сен яхши иш қилмаяпсан, бу йўлнинг охири вой» дея насиҳат қилишингиз бефойда. Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, деганларидек, бундай кимсалар ёмон одатларини канда қилишмайди. Яна бир тоифа кишилар борки, уларни озодликдан маҳрум этиш ҳар доим ҳам яхши натижа беравермайди. У ёқдан қайтанга «етук мутахассис» бўлиб чиқди. Ўғри бўлса яна ўғриликка қўл уради, талончи эса одамларни тунайди, фирибгари эса одамларни чув туширишнинг янги йўлларини ишга солади.

Тошкент шаҳрида яшовчи 25 ёшли Аъзам Нодиров (исм-шарифлар ўзгартирилган) юқорида қайд этилган тоифаларнинг қай бирига тааллуқли экани ҳозирча номаълум. Ҳар қалай, суд унинг «қайтиб бундай ишлар қилмайман» деган сўзларига ишонди, яна бир бор имкон берди. Айбига иқрорлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, жабрланувчиларга етказилган моддий зарар тўлиқ қоплангани, жабрланувчиларнинг даъвоси йўқлиги, оиласининг ягона боқувчиси эканлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб баҳолаб, енгилроқ жазога лойиқ кўрилди. Унга уч йилдан ошиқроқ муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.

Хўш, Аъзам қандай қилмиши учун бундай жазога тортилди?

Гап шундаки, икки кун ичида ички ишлар органи навбатчилик қисмига бир туманнинг битта ҳудудидан икки фуқародан талончилик жинояти юзасидан мурожаат келиб тушди. Бир мурожаатда қимматбаҳо уяли телефон аппарати тортиб олинган, бошқа ҳолатда эса талончи аёлнинг тилла занжирини юлиб қочган. Бу икки ҳолатнинг қандай ўхшашлиги, яқинлиги бор, дейишингиз мумкин. Буни қарангки, бу икки ҳуқуқбузарликни ҳам бир киши содир этган. Яна ҳам ажабланарлиси, ушбу талончи телефонини олдириб қўйган шахснинг таниши бўлган.

Биринчи воқеа: кундуз куни соат учларда кўчада кетаётган Аъзам таниши Воҳидни учратиб қолди. Салом-аликдан кейин у кимгадир қўнғироқ қилиб олиши учун Воҳиднинг уяли телефонини сўради. Олдиндан уни билгани учун ҳеч бир эътирозсиз телефонини берди. Лекин Аъзам кимгадир қўнғироқ қилмади, балки...

– Бироз пул керак бўлиб қолди, бериб тур, – деди Аъзам киприк қоқмай.

– Узр, ҳозир пулим йўқ эди. Бўлганда бажонидил берардим.

– Шунақами? Унда қачон пул топсанг шунда телефонингни оласан. Пул топсанг топдинг, бўлмаса, у билан хайрлашавер, сотиб юбораман.

– Унақа қилманг, Аъзам ака. Телефон менга керак...

Лекин Аъзам уни эшитмади. Телефон аппаратини олдию, кетди.

Иккинчи воқеа: эрталабки соат саккизлар атрофида «Хадра майдони» олдида ишхонаси томон кетаётган Муҳайё Шарипова талончи ҳужумига учради. Осмондан тушгандек пайдо бўлган нотаниш кимса унинг бўйнидан 2 миллион 400 минг сўмлик тилла занжирни юлиб олиб, шарпадек кўздан йўқолди. Жабрланувчи на унинг юзини кўролди, на кийимларини. Дод-вой қилганча бақириб қолаверди.

Муҳайёнинг мурожаатидан сўнг талончини аниқлаш, жиноятни фош этиш юзасидан тезкор чора-тадбирлар кўрилди. Жиноятни очиш эса кўп вақт олмади. Кўп ўтмай ҳуқуқбузар ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Тергов ҳаракатлари олиб борилди. Етказилган зарар тўланди, ҳуқуқбузар жабрланувчилардан кечирим сўради. Суд мажлисида жиноят иши атрофлича кўрилиб, қонун санкциясида белгиланган жазо тайинланди.

Ҳар бир инсоннинг бу оламда яшашдан мақсади, орзу-ниятлари бор. Ўз умрини ўзининг яхши хислатлари билан энг аввало ўзига, яқинларига ҳамда атрофдагиларга сарфлашга ярамайдиган, қилмишидан тўғри хулоса чиқармаган, хато устига хато, жиноят устига жиноят содир қилган шахснинг ҳолига вой. Инсонийликни, ўзликни унутган, жиноят ботқоғига ботган кишиларга қачон, қаерда ва қандай содир этганидан қатъи назар, жинояти учун жазо муқаррар.

Акром Арипов,

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг катта консультанти