Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари хабар берди.

Чегара наряди томонидан Давлат чегараси бузғунчиларини қўлга олиш вақтида, қоидабузарларнинг бир гуруҳи ҳарбий хизматчиларга нисбатан қаршилик кўрсатиб, куч ишлатиб, тан жароҳатлари етказган ва қуролларни олиб қўйишга ҳаракат қилган.

Ушбу ҳолатда ҳарбий хизматчилар қонунчиликда белгиланган тартибда қурол қўллашга мажбур бўлганлар. Натижада, 3 нафар шахслар яраланиб, уларнинг жиноий шериклари томонидан Қирғизистон ҳудудига олиб кетилган.

Ҳодиса тафсилотларини аниқлаш мақсадида, 5 май куни зудлик билан Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг ҳудуд бўйича чегара вакиллари ўртасида учрашув ўтказилди. Шунингдек, 6 май куни Фарғона водийси йўналиши бўйича  ва Қирғизистоннинг Жалол-обод вилояти бўйича чегара вакилларининг учрашуви бўлиб ўтди.

Ҳозирда ҳар икки томон ҳолат бўйича текширувларни давом эттирмоқда, чегарада вазият барқарор.

Ҳолат юзасидан Ўзбекистоннинг тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан 2022 йилнинг 6 май куни Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 223-моддаси (“Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш”) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.