Қирғизистон коронавирус пандемияси сабаб ёпилган Ўзбекистон билан чегарадаги ўтказиш пунктлар ишини қайта тиклади. Бу ҳақда Қирғизистон давлат чегара хизмати хабар бермоқда.

“2020 йил 2 сентябрдан бошлаб Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ўтказиш пунктлари орқали транспорт ва фуқаролар кириш-чиқиши учун қўйилган чекловлар олиб ташланди”, - дейилган хабарда.

Республика ҳудудига чекловсиз кириш мумкин, аммо санитария-эпидемиологик талабларга қатъий риоя қилиш талаб этилади.

Икки мамлакат фуқаролари бугундан бошлаб чегарани “Дўстлик-автойўл”, “Қизил-Қия-автойўл”, “Маданият-автойўл” ва “Баймак-автойўл” ўтказиш пунктлари орқали кесиб ўтишлари мумкин.

Транспорт воситалари чегарадан “Дўстлик-автойўл”, “Қизил-Қия-автойўл”, ва “Қадамжой-автойўл” назорат ўтказиш пунктлари орқали ўтишлари мумкин.