Қирғизистон Президентининг расмий веб-сайтида хабар берилишича, учрашувда икки томонлама стратегик ҳамкорлик, жумладан, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро алоқаларни янада ривожлантириш, шунингдек, Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасидаги интеграцияни чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинган.

Президент Владимир Путин Россия Федерацияси барча мустақил давлатлар суверенитетига ҳурмат билан қарашини ҳамда Қирғизистон билан икки томонлама иттифоқдошлик ва стратегик ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга тайёр эканини таъкидлаган. Шунингдек, Қирғизистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини билдирган.

Президент Сооронбай Жээнбеков Қирғизистон ҳар доим Россияни ишончли стратегик шерик сифатида билишини қайд этган.

Қирғиз Президенти Владимир Путинни Россия коронавирусга қарши биринчи бўлиб вакцинани рўйхатдан ўтказгани билан яна бир бор табриклаб, тез фурсатларда ундан дунё халқлари, жумладан, қирғизистонликлар ҳам фойдалана бошлашига ишонч билдирган.

Шунингдек, Жээнбеков бир қатор йўналишларда кўрсатган ёрдами учун Россия томонига миннатдорлик билдириб, Қирғизистон Россия билан бу каби тарихий дўстлик алоқаларини ғоят қадрлашини айтган.