Кристалли кремнийдан тайёрланган фотоэлектрик батареялар асосидаги қуввати 300 Вт бўлган фото иссиқлик қурилмаси (ФИҚ) республиканинг қишлоқ ҳудудларида йил давомида электр энергияси ва иссиқ сув олиш учун мўлжалланган.

Қурилмани тайёрлашда ЎзРФА физика-техника институти томонидан қишлоқ хўжаликларида яшовчи аҳолига ёз ва қиш об-ҳаво шароитларида электр ва маиший техника воситаларидан фойдаланишда қулайлик яратиш зарурлигига эътибор қаратилган. Идишларни ювиш, оила аъзоларининг ювинишлари ва душ қабул қилишлари учун ҳарорати 70°C гача бўлган иссиқ сув олишда ФИҚ билан "Аристон" типидаги электр сув иситгичларини биргаликда ишлатиш кўзда тутилган.

ФИҚ замонавий контроллер, ГЕЛ типидаги аккумуляторлар, инвертор, замонавий таянч конструкция ва иссиқ сувни сақлаш учун 300 литр ҳажмли идиш билан жиҳозланган. Қурилма параметрларининг қуёшли табиий шароитларга боғлиқлиги ўрганилган ва қуввати 600 Вт гача бўлган ~ 220 В, – 12 В ва –5,4 В кучланишга мўлжалланган истеъмолчилар учун лойиҳалаш ва ишлаб чиқариш бўйича тавсиялар берилган.

Қурилма Физика-техника институтининг гелиополигони шароитида синовлардан мувафаққиятли ўтказилди, деб хабар бермоқда Ўз РФА матбуот хизмати.