Тоғда қўй-эчки боқиб юриб ҳам булоқ бўйидаги тол соясида, азим тошларга елка бериб китоб ўқиётган болаларни кўп учратасиз. Китобхонлик, айниқса, қишда авж олади. Одатда бу фаслда далалар тин олади, мол-ҳолга қарашдан бошқа иш йўқ ҳисоб. Бу китоб ўқиш учун айни фурсат...
Лекин уч-тўрт йил аввал қишлоқда китоб етишмаслиги ҳам бор гап эди. Президентимизнинг китобхонликни тарғиб қилиш, 5 та муҳим ташаббусининг тўртинчиси – ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга йўналтирилган ишлар доирасида бу муаммо ҳам ижобий ечим топди.
Бугун мактабимиз кутубхонаси фонди жуда бой. Китоб ўқишга чанқоқ йигит-қизларимиз сони ҳам, шаҳди ҳам ортиб бормоқда.
Таъбир жоиз бўлса, кутубхона чин маънода мактаб “юраги” ҳисобланади. Шу боис, бугунги кун талаби сифатида кутубхоналар фондини бойитишга, болаларнинг китоб мутолаасига бўлган эҳтиёжларини оширишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Қайсики билим даргоҳида китобхонлар кўп экан, шу маскан муваффақиятлари кўзга ташланади.
Мактабимиз томонидан “Хайрли ишни ҳар ким, ҳар куни қилсин!” шиори остида, ўқувчи ёшларнинг китобга қизиқишларини янада ошириш, бўш вақтларини самарали ташкил этиш ва кутубхона фондини бойитиш мақсадида “Китоб хайрия марафони” эълон қилинган эди. 1 декабрдан қўр олган марафонда бугунги кунда турли соҳаларда самарали фаолият юритиб келаётган мактабимизнинг собиқ битирувчилари ҳам фаол иштирок этмоқда.
Жумладан, куни кеча Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи собиқ битирувчиларимиз томонидан мактабимиз кутубхона фондига бадиий адабиётлар совға қилинди. Бундай хайрли ишларни ташкил этишда ва амалга оширишда ўз ҳиссасини қўшган барча иштирокчиларга миннатдорлик билдирамиз.
– Ҳаётда ўз ўрнимизни топишда мактабдаги устозларимизнинг беқиёс ҳиссаси борлигини ҳеч унутмаймиз. Қадрдон даргоҳимиз биз учун унутилмас маскан бўлиб қолаверади. Йиллар ўтсада, болалик хотиралари тарк этмайди. “Китоб хайрия марафони”ни эшитиб хурсанд бўлдик ва бажонидил иштирок этдик. Насиб қилса, ўзимиз ҳам янги ташаббуслар билан чиқишни дилга тугиб қўйдик, – дейди Шарофиддин Маннобов.
Шаҳноза ЭШМАМАТОВА,
Навоий вилояти Нурота туманидаги
29-умумтаълим мактаби кутубхоначиси