Қонунчилик палатаси депутатлари «Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурта қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилиб, сенатга юборди.
Қонун лойиҳаси билан қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларни суғурта қоидаларига асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда
- табиий офатлар,
- ёнғин,
- ўсимликларнинг касалликлар ва зараркунандалардан талофат кўриши,
- чорва ҳайвонларининг юқумли касалликлардан нобуд бўлиши ва заҳарланиши ҳамда
- ёввойи ҳайвонлар томонидан экинларнинг пайҳон қилиниши ёки
- қишлоқ хўжалиги ҳайвонларига зарар етказилиши бўйича суғурта шартномаларини тузиш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги суғуртасининг давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий асосларини белгилаш, қишлоқ хўжалиги соҳасида таваккалчиликларини суғурталаш жараёнида иштирок этувчи субъектларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари акс этмоқда.
Лойиҳада қишлоқ хўжалиги суғуртаси жамғармасини ташкил этиш, жамғарманинг даромадлари ва харажатлари, суғурталаниши лозим бўлган таваккалчиликлар, суғурта мукофотлари бўйича субсидиялар беришнинг ҳуқуқий асослари ҳам белгиланмоқда.
Депутатларнинг айтишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда суғурталаш тизими жорий этилади ва маҳсулот етиштирувчиларга қулай шарт-шароитларни яратишга қишлоқ хўжалиги экинларига хавф-хатарлар туфайли зарар етган ҳолларда зарарнинг ўрнини қоплашнинг ҳуқуқий асоси яратилади.