Шу маънода, мамлакатимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича имкониятлари, ҳали ишга солинмаган салоҳияти жуда юқори. Бу халқаро жамоатчилик томонидан ҳам кўп бора эътироф этилган.
Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича жаҳонда мавжуд вазият бугун ўз имкониятларимизни яна бир бор таҳлил этиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошириш, улардан қўшимча қиймат занжирини яратиш, экспорт каби қатор долзарб масалалар бўйича галдаги устувор вазифаларни белгилаб олишни тақозо этяпти.
Маълумки, 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси қабул қилиниб, соҳа ривожининг комплекс чора-тадбирлари белгиланган эди. Президентимизнинг 2022 йил 7 июндаги “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори стратегияда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва самарали бажарилишини таъминлашда муҳим дастуриламал вазифасини ўтайди. Жумладан, қарор билан стратегияда белгиланган вазифаларни амалга оширишнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди. Хусусан, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида энг асосий эътибор уларнинг сифат даражасини оширишга қаратилиб, сифат назоратини ўрнатиш билан боғлиқ янги механизмлар жорий этилади.
Ҳужжатда малакали кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси доирасида шу йил якунига қадар Қўқон озиқ-овқат технологияси ва муҳандислиги халқаро институти ташкил этилади. Ушбу олий таълим муассасасида халқаро таълим стандартлари даражасидаги халқаро бозорларда тан олинган сифат стандартларини (Global G.A.P, Organic, HACCP ва бошқалар) жорий этишга қодир юқори малакали кадрларни тайёрлаш йўлга қўйилади. Ушбу олий таълим муассасасида халқаро таълим стандартлари даражасидаги халқаро бозорларда тан олинган сифат стандартларини (Глобал Г.А.П, Органиc, ҲАCCП ва бошқалар) жорий этишга қодир юқори малакали кадрларни тайёрлаш йўлга қўйилади.
Маълумки, юртимизнинг экспорт салоҳияти жуда юқори, бунда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳам ўз ўрни бор. Аммо экспорт ҳажми салоҳиятимизга мос эмас. Чунки, чет эллик харидор маҳсулотимизнинг сифати сертификати, халқаро стандартларга тўғри келишини сўрайди. Бизда эса ҳали халқаро стандартлар билан ишлаш профессионал даражада эмас. Бинобарин, усиз ҳеч бир давлат ўз чегарасидан чиқа олмайди.
Шу маънода, мазкур институтнинг ташкил этилиши экспорт салоҳиятимизни ошириш, ўз навбатида, соҳа ривожига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Тошкент ва Фарғона вилоятларида маҳсулот етиштирувчилар томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, сифат назорати, халқаро тан олинган сертификация тизимларини ўз ичига олган, аккредитациядан ўтган лабораториялар ишга туширилиши ҳам бу борадаги имкониятларимизни оширади.
Қулай агробизнес муҳитини ва қўшилган қиймат занжирини яратиш мақсадида халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан аграр соҳада умумий қиймати 400 миллион АҚШ долларигача бўлган миқдордаги инвестиция лойиҳалари ишга туширилади. Шунингдек, ҳар бир ҳудудда камида биттадан агрологистика марказлари барпо этилади. Мазкур марказларда халқаро бозорларда тан олинган сифат сертификатларини олиш имконияти яратилади.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, халқаро сифат сертификатларсиз жаҳон бозорида ўз ўрнимизни топиш, экспорт борасида кўзланган мақсадларга эришиш мушкул. Боиси, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, айниқса, хорижда талаб юқори бўлган мева-сабзавотларни узоқ вақт сақлаб туриш қийин. Биз токи ушбу маҳсулотимизни бир неча минг километрга олиб бориб, уларнинг сертификатини олгунимизча товар сифати ўзгариб, айниши мумкин.
Экспортбоп маҳсулотлар етиштириш хажмини ошириш мақсадида Самарқанд вилоятида Ўзбекистон – Туркия пистачилик илмий маркази ташкил этилади. Туркиянинг серҳосил писта навлари коллекцияси асосида миллий писта навлари яратилиб, уларнинг оналик кўчатзорлари ташкил этилади, Нуробод тумани пистачиликка ихтисослаштирилади.
Ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш мақсадида космик суратлар ва учувчисиз учиш аппаратларининг материаллари ҳамда дала кузатув маълумотларини таҳлил қилиш орқали 3 миллион гектардан ортиқ суғориладиган ерлар, 400 минг гектардан ортиқ кўп йиллик дарахтзорлар ва 450 минг гектардан ортиқ лалми ерлар тизимли мониторинг қилинади. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ерларининг геоахборот тизимида 6 турдаги асосий, хусусан, пахта, ғалла, шоли, картошка, маккажўхори ҳамда мойли экинларнинг экилиши, вегетация даврини таҳлил қилиш йўлга қўйилади.
Маълумки, Президентимиз ташаббуси билан сўнгги йилларда тармоқни тубдан ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, соҳага инновация ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ишлари жадаллашиб боряпти.
Қарорда белгиланган космик суратлар ва учувчисиз учиш аппаратларининг материаллари ҳамда дала кузатув маълумотларини таҳлил қилиш вазифаси ҳам сувни тежаш, ердан фойдаланиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Зеро, таҳлил ҳар қандай фаолият бўйича муаммо ва камчиликларни аниқлаш, уларни бартараф этиш юзасидан тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, пировардида, кўзланган мақсадларга эришиш имконини беради.
Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги соҳаси ялпи ички маҳсулотнинг қарийб 30 фоизини ташкил этиши, юртдошларимизнинг ярми қишлоқ жойларда истиқомат қилишини инобатга олсак, соҳа ривожи йўлидаги бу каби вазифаларнинг аҳамиятини янада теранроқ илғаш мумкин.
Қишлоқ хўжалигида илм-фан, таълим, ахборот ва маслаҳат хизматлари тизимини ривожлантириш мақсадида Андижон, Наманган, Фарғона, Жиззах, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида агрохизматлар марказлари ташкил этилади. Уларда 100 дан ортиқ хизматлар кўрсатилади.
Халқаро молия институтлари грант маблағлари ҳисобидан 2023 йил ҳосили учун маҳаллий шароитга мос серҳосил, касаллик ва зараркунандалар, сувсизликка чидамли пахтанинг 4 та, бошоқли доннинг 6 та нави амалиётга жорий этилади.
2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси 30-мақсадида қишлоқ хўжалигини илмий асосда интенсив ривожлантириш орқали деҳқон ва фермерлар даромадини камида 2 баравар ошириш, қишлоқ хўжалигининг йиллик ўсишини камида 5 фоизга етказиш белгилаб қўйилган.
Бу борада кўзланган марраларга эришишда ҳосилдор янги нав уруғларни яратиш алоҳида аҳамиятга эга. Боиси, йил сайин аҳоли сони ва, ўз навбатида, уларнинг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаби ошиб боряпти. Ортиб бораётган эҳтиёж борасида саноат йўналишида ҳам худди шундай ҳолат кузатилмоқда. Демакки, аҳоли ва саноат эҳтиёжларини қондириш учун бизга маҳаллий иқлим ва тупроқ шароитига мос серҳосил, касаллик ва зараркунандалар, сувсизликка чидамли, бир сўз билан айтганда, келажаги кафолатланган маҳсулдор янги навлар керак.
Айни мақсадда шунингдек, картошканинг серҳосил, касаллик ва зараркунандаларга, сувсизликка, шўрга чидамли вируссиз (“ин витро”) “Супер элита” ва “Элита” навларига мансуб 4 миллион дона (йилига) микротуганак етиштиришни йўлга қўйиш режа қилинмоқда.
Шунингдек, қарор билан “Ягона дарча” тамойили асосида фермер хўжаликларига пахта, ғалла ва бошқа маҳсулотларни етиштириш учун имтиёзли кредит ажратиш, суғурталаш, шартномаларни электрон расмийлаштириш, техникаларни лизингга олиш, агротехник тадбирларни амалга оширишда ресурслар таъминоти йўналишларида “онлайн” хизмат кўрсатишни ўз ичига олган “Агроплатформа” (agroplatforma.uz.) ахборот тизимини ишга тушириш; қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига 26 турдаги субсидиялар ажратиш бўйича ҳужжатларни тўплаш, кўриб чиқиш ҳамда ваколатли орган ва ташкилотлар билан келишиш жараёнларини “Агросубсидия” ахборот тизими орқали амалга оширишни йўлга қўйиш; Фарғона ва Самарқанд вилоятларида сув баланси ва сарфи ҳисобини юритиш ҳамда ерларни тўғри суғориш ишларини масофавий мониторинг қилишнинг электрон моделини ишлаб чиқиш каби вазифалар ҳам белгиланган.
Хулоса қилганда, қарорда белгиланган тадбирларнинг амалиётга самарали татбиқ этилиши соҳа ривожига, аҳоли фаровонлигига хизмат қилади.
Исроилжон ХОЛМИРЗАЕВ,
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи,
иқтисод фанлари номзоди