Бугун юртимизда қўшимча қийматга эга маҳсулотлар яратиш, бунинг учун қулай инфратузилма ва бизнес шароити яратиш борасидаги амалий саъйи-ҳаракатлар ижобий натижаларини бера бошлади.

Президентимизнинг шу йил 22 август куни тадбиркорлар билан ўтказган навбатдаги очиқ мулоқотида ҳам бу борадаги айрим рақамлар айтиб ўтилди. Жумладан, ўтган йили 96 минг 500 дан ортиқ янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди. Бир йил давомида тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва мавжуд қувватларни кенгайтириш мақсадида 55 мингдан ортиқ бино ва иншоотлар қурилди. Экспорт қилувчи корхоналар сони 7,5 мингтага етиб, умумий экспорт ҳажми 30 фоизга ошди. Пировардида, ўтган йили ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсиш суръати 7,4 фоизни ташкил этди.

Давлатимиз раҳбари учрашувда бугунги кунда бизнес вакилларида ечимини кутаётган кўплаб масалалар йиғилиб қолганига алоҳида эътибор қаратиб, уларни самарали ҳал этиш, соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш бўйича 5 йўналишда ташаббусни илгари сурди.

Албатта, корхоналарни тоифаларга ажратиб, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида ёндашувни белгилаш, яъни корхоналарни йиллик айланмаси бўйича тоифаларга ажратиш, тадбиркорлар фаолиятини молиялаштиришнинг қулай тизимини яратиш, уларнинг мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш, ҳудудларнинг шароитидан келиб чиқиб, бизнес учун алоҳида ёндашувлар жорий этиш ҳамда уларга нисбатан янги жавобгарлик ва жазо чораларини жорий этишга 3 йиллик мораторий эълон қилиш ташаббуси мамлакатимизда тадбиркорлик фаолияти ривожини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, Ўзбекистон саноатлашиш йўлида. Ва уни жадал ривожлантириш учун бор куч ва имкониятлар ишга солиняпти. Лекин бир нарсани унутмаслик лозимки, саноат ривожи қишлоқ хўжалиги соҳаси ўз ҳолига ташлаб қўйилади, дегани эмас. Бинобарин, аграр тармоқ саноат учун хомашё етказиб берувчи муҳим тармоқ ҳисобланади.

Шу боис ҳам соҳанинг барча тармоқлари энг сўнгги технологиялар ёрдамида замон талаблари асосида ривожлантириляпти. Маҳаллий иқлим шароитимизга мос серҳосил навлар яратишдан тортиб, етиштирилган маҳсулотларни қайта ишлаш, экспорт қилиш бўйича кўрилаётган чоралар туфайли қишлоқ хўжалиги иқтисодиётнинг етакчи тармоқларидан бири бўлиб қолмоқда. Буни, ушбу соҳа ялпи ички маҳсулотнинг 27 фоизидан кўпроғини, бандликнинг деярли 26 фоизини таъминлаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Янги Ўзбекистоннинг 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида ҳам ушбу соҳани кейинги 5 йилликда жадал ривожлантириш истиқболлари белгилаб берилди. Хусусан, Тараққиёт стратегиясининг 30-мақсадида қишлоқ хўжалигини илмий асосда интенсив ривожлантириш орқали деҳқон ва фермерлар даромадини камида 2 баравар ошириш, қишлоқ хўжалигининг йиллик ўсишини камида 5 фоизга етказиш вазифаси мустаҳкамланди.

Мамлакатимизда аграр тармоқнинг иқтисодиёт, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда тутган ўрни ҳамда навбатдаги 5 йиллик учун белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, ички ва ташқи бозорлар эҳтиёжлари асосида ривожланиб борадиган анъанавий қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришидан замонавий ва самарали агробизнесга ўтиш қўллаб-қувватланмоқда. Шу мақсадда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини инновацион ривожлантириш, янги технологияларни кенг жорий этишга катта эътибор берилмоқда.

Кўзланган мақсадларга эришишда, аввало, соҳанинг ўзагини ташкил этувчи кластерлар ва фермерлик фаолияти ривожи муҳим аҳамиятга эга. Бу борада сезиларли ижобий натижалар кўзга ташланмоқда. Жумладан, юртимизнинг деярли барча ҳудудларида маҳсулот етиштиришдан тортиб то ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган тўлиқ занжирни қамраб олувчи кластерлар фаолияти йўлга қўйилди. Юртимизда фаолият юритаётган фермер хўжаликлари сони 107 мингдан ошди. Бу 2017 йилга нисбатан 40 фоиз кўп, дегани.

Фикримизни фермерлик ҳаракати мисолида давом эттирадиган бўлсак, фермер хўжаликлари мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим рол ўйнайди. 2021 йилда улар ялпи дон ҳосилининг 81,1 фоизини, картошканинг 23,2 фоизини, сабзавот маҳсулотларининг 36,5 фоизини, меваларнинг 42,2 фоизини, узумнинг 43,3 фоизини, полиз экинларининг 51,1 фоизини етиштирди. Сўнгги 5 йилда фермер хўжаликлари томонидан ишлаб чиқариш ҳажми 10 фоизга ошди.

Кейинги йилларда фермерлик фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, жумладан, соғлом рақобат муҳитини яратиш, иқтисодий фаолият эркинлиги ва мустақиллигини таъминлаш борасида қонунчилик базаси такомиллаштирилмоқда. “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий ишлаб чиқарувчиси бўлган фермер хўжаликларини қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларни янада ривожлантириш, шунингдек, унинг даражаси ва сифатини ошириш учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган кучга айлантириш бўйича мақсадли ишлар амалга оширилмоқда. Натижада қишлоқ жойларда аҳолининг турмуш сифати ва даражаси ортиб боришига эришилди.

Президентимизнинг 2018 йил 26 апрелдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолиятини ташкил этишнинг ҳуқуқий асоси яратилди. Жамғарма бугунги кунда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини молиявий қўллаб-қувватлаш, кредит ресурсларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, фермер хўжаликларининг инновацион фаолиятини қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари янги турларини етиштиришни рағбатлантириш, шунингдек, соҳага янги самарали технологияларни жорий этишга кўмаклашиб келмоқда.

Фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисоби тизимини тубдан такомиллаштириш ва уларга банк хизматлари кўрсатишни яхшилаш мақсадида фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари туман кенгашлари қошида хўжаликларда бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи марказлари фаолияти йўлга қўйилди.

2017 йилдан бошлаб фермер хўжаликлари тармоқларини кенгайтириш, яъни қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан бирга, уларни қайта ишлаш, сақлаш ва сотиш, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа фаолият билан шуғулланадиган кўп тармоқли хўжаликларга айлантириш жараёни фаоллашди. Ушбу саъй-ҳаракатлар қишлоқ жойларда ижтимоий-иқтисодий вазият барқарорлигини таъминлаш, бозорларни зарур истеъмол товарлари ва хизматлари билан бойитишнинг асосий омили бўлди.

Президентимизнинг 2022 йил 28 майдаги “Ғалла етиштириш ва сотишда бозор тамойилини жорий этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  қарори билан қишлоқ хўжалигида бозор механизмининг кенг амал қилишини таъминлашга қаратилган дастлабки қадам ташланди. Ғалла етиштиришни эркинлаштириш, бозор механизмини тўлақонли жорий этиш фермерлар фаолиятини янада ривожлантириш учун иқтисодий рағбатни кўчайтирди. Бу эса ўз навбатида, иқтисодий самарадорликни ошириш имконини беради.

2020 йилда мамлакатимизда ўртача дон ҳосилдорлиги гектаридан 57 центнерни, 2021 йилда эса 64 центнерни ташкил этган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 67–70 центнерга етди.

Сўнгги 3 йилда ҳудудларда 160 миллион тоннага яқин қувватга эга йирик хусусий дон корхоналари ишга туширилди. Бу орқали соҳада хусусий сектор улушининг ортиб бориши таъминланмоқда. Биргина ўтган йили юртимизда ишлаб чиқарилган 3,5 миллион тоннага яқин уннинг 54 фоизи хусусий дон корхоналари ҳиссасига тўғри келгани ҳам фикримиз тасдиғидир.

Давлат томонидан 1 тонна буғдойнинг энг кам харид нархи ўтган йилги 1,5 миллион сўмдан 2022 йил ҳосили учун 3 миллион сўмгача, яъни деярли икки бараварга оширилди. Ўз вақтида қабул қилинган қарор самарасида ғаллакорларимиз катта манфаат кўрди.

Навбатдаги долзарб вазифа – пахта хомашёсини етиштиришда бозор механизмини жорий этиш, пахтачилик соҳасида кластерлар фоалиятини янада такомиллаштириш, пахта хомашёсини сотиб олишда кластерлар ва давлат кафолатларини таъминлайдиган тизимни жорий этиш ҳисобланади.

Ушбу вазифаларни амалга ошириш, умуман, аграр тармоқни ривожлантириш озиқ-овқат барқарорлигини таъминлаш, иқтисодиётда соҳа улушини ошириш билан бир қаторда, қишлоқ жойларда аҳоли турмуш сифатини яхшилашга ҳам хизмат қилади.

Рустам ҲАСАНОВ,

иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.