Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Мақсуд Рўзметов ва ХХР қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ ишлари вазири ўринбосари Ма Юсян икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан бир қатор масалаларни муҳокама қилди. Яъни, чорвачилик, ветеринария ва балиқчилик соҳасида ўзаро алоқалар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси ва инвестицион ҳамкорлик, карантин ва ўсимликларни ҳимоя қилиш борасидаги ҳамкорлик истиқболлари ўртага ташланди. Илмий тадқиқотлар ва аграр таълим соҳасида ҳамкорликни такомиллаштириш масалалари алоҳида муҳокама этилди.

Тадбирни очар экан, Мақсуд Рўзметов Ўзбекистон Хитойнинг «Бир макон, бир йўл» халқаро ташаббусини фаол қўллаб-қувватлаши, унга Буюк ипак йўлининг қайта тикланиши сифатида баҳо бериши, иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим қадам эканини таъкидлади.

–– 2020 йил якунларига кўра, Хитой Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти тизимида 72 миллион долларлик 92,8 минг тонна маҳсулот билан бешинчи ўринни эгаллади, – дея таъкидлади  вазир ўринбосари. — Бу эса 2019 йилга нисбатан 1,5 баравар кўп кўрсаткичдир. Шу билан бирга Хитойдан импорт ҳажми 47,4 миллион долларлик 63 минг тонна маҳсулотни ташкил этди. Шу йилнинг январь-август ойларида Ўзбекистондан Хитойга умумий қиймати 32 миллион доллардан зиёд бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотилди.

Хитой томони икки мамлакатнинг савдо-иқтисодий ҳамкорлигини янада кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигига сармоя киритиш масалаларида ҳамкорликни чуқурлаштиришга тайёрлигини билдирди.

Тадбир иштирокчилари Кичик қўмитанинг навбатдаги йиғилишини 2023 йилда Ўзбекистонда ўтказишга келишиб олдилар, деб хабар беради Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.