Фармонга кўра, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази ташкил этилди.

Миллий марказ барча турдаги давлат илмий ва ОТМнинг қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга ошириладиган илмий-тадқиқот фаолиятини мувофиқлаштиради.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг узвий интеграциясини таъминлаш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш фаолияти йўлга қўйилди.

Шунингдек, қуйидагилар ташкил этилади:

● 2021–2022 йилларда Миллий марказнинг Республика агрохизматлар маркази, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар агрохизматлар марказлари;

● 2022 йилдан бошлаб босқичма-босқич қишлоқ туманларида Миллий марказнинг туман агрохизматлар марказлари.

Бундан ташқари, 2021 йил 1 мартдан, тажриба тариқасида, Миллий марказ тизимидаги илмий-тадқиқот муассасаларида тадбиркорларни жалб этган ҳолда кичик илмий-инновацион корхоналар ташкил этилади.

Фармон билан Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизимини 2021-2025 йилларда устувор ривожлантириш концепцияси тасдиқланди.

Концепция доирасида, жумладан, Миллий марказ ҳузуридаги 100 дан ортиқ хизматларни кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш назарда тутилган.