Ҳудудларда “Маҳаллабай” ва “хонадонбай” ишлаш асосида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг доимий даромад манбаини кўпайтириш орқали камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари изчиллик билан амалга оширилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг шу йил 5 августдаги "Маҳаллаларда тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорлик субъектлари билан аҳоли ўртасида кооперацияни ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида" ги қарорида ижтимоий-иқтисодий ривожланишдан ортда қолаётган ва ишсизлик даражаси юқори бўлган маҳаллаларда тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш бўйича Андижон тажрибасини республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий этиш манзилларпи ва молиявий ресурслари белгилаб берилди.
Ҳужжатда тижорат банклари томонидан кредитлар “етакчи»” тадбиркорлик субъектларига йиллик 10 фоиз ставкада битта маҳалла учун 2 миллиард сўмгача миқдорда ажратилиши кўзда тутилган. Ушбу янгича ёндашув Андижон вилоятининг ўзида ҳам хайрли ишлар кўламининг янада кенгайишига хизмат қиляпти. Пировардида оғир ижтимоий вазиятда яшаётган фуқаролар оиласига қисқа муддатларда даромад кириб келмоқда.
Шаҳрихон туманида 50 минг 88 та хонадон, 80 минг 932 та оила ва 306 минг 380 нафар аҳоли 76 та маҳаллада истиқомат қилади. Таҳлиллар уларнинг 20 таси ижтимоий-иқтисодий ривожланишдан орқада қолаётгани ва ишсизлик юқори эканини кўрсатди. Ушбу маҳаллаларда аҳолини турмуш шароитини яхшилаш ва ривожлантириш учун уларнинг қизиқиш-истакларидан келиб чиққан ҳолда, турли соҳада иш юритаётган” етакчи” тадбиркорларга бириктирилган.
“Оқ олтин” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 107 та хонадон билан “Водий инвест зийнати” АЖ оилавий корхонаси раҳбари Анваржон Ҳошимов ўртасидаги ҳамкорлик фикримиз далили. Корхона 200 дан 500 бошгача “Броллер” жўжаларини тарқатиб, бир ойдан кейин аҳолидан қайта сотиб оляпти. Бундан тадбиркор ҳам, оилалар ҳам даромад кўряпти.
Мисол учун жамиятда 40 минг жўжа парвариши учун шароит бор. Лекин аҳоли хонадонларидаги эҳтиёж уч баробар, яъни 120 мингта ва ундан ҳам ортиқ. Жўжаларни тарқатиш орқали ҳар бир оила эгаси 200 тасини парвариш қилиши эвазига 2 миллион сўмдан юқори, агар 500 тага имкони бўлса, 3,5 — 4 миллион сўмдан даромад олмоқда.
—Ўзим 5 ойлик чақалоғим билан уйда ўтириб, 5 нафар фарзандимизнинг уст-бошини бутлашга, рўзғорни юритишга қийналиб қолган эдик, — дейди Мушарраф Воҳидова. — Турмуш ўртоғимга қишлоқда иш йўқ. Яқинда оиламиз “етакчи” тадбиркорга бириктирилди. Дастлаб 200 та, кейин 400 та жўжани парвариш қилдик. Ҳозир бир ойда 4 миллион сўмгача даромад оляпмиз.
“Оқ олтин” маҳалласи ўта оғир ҳудудлар сирасига киради. Туман марказидан 15 километр узоқликда жойлашган маҳаллада ишлаб чиқариш корхонаси йўқлиги, ижтимоий-иқтисодий ривожланишдан орқада қолганлиги боис ишсизлик даражаси юқори бўлиб келган. Сектор ва иқтисодий мажмуа раҳбарлари томонидан хонадонлар билан учрашув ўтказилиб, тадбиркор бўлиш истагидаги оилалар “етакчи”ларга бириктирилди.
— Шу асосда уларнинг 80 таси жўжа парваришлаш туфайли доимий даромадга эга бўлди, —дейди маҳалла раиси Бахтиёр Аҳмедов. — Жўжалар ҳам, уларни боқиш учун махсус жой ҳам бепул қуриб бериляпти, озуқа билан таъминланяпти, ветеринарлар ҳар икки-уч кунда назорат қилиб, парваришлашни ўргатиб боряпти. Фуқароларимиз уч маҳал донини ўз вақтида бериб, қаровни яхши йўлга қўйса, бўлди. Жўжалар етилгач, тадбиркорнинг ўзи сотиб олади. Бунинг орқасидан ойига 4 миллион сўмгача даромад топаётганлар бор.
“Тўлқин” маҳалла фуқаролар йиғинида эса касаначилик асосидаги тикувчилик йўлга қўйилган.
— Тиббиёт ходимлари учун махсус кийимлар айнан, ушбу маҳалладан тайёрланади,—дейди тадбиркор Хуршида Аҳмаджонова.—Ўз фаолиятларини хонадонларга кўчиргани боис ёш болали аёллар ҳам бир ойда 3-4 миллион сўмгача даромад қилишмоқда. Биз Фарғона фодийсидаги тиббиёт муассасалари билан 2 миллиард сўмга буюртма олганмиз. Буюртмани кооперация асосида бажаришга эътибор қаратилган. Шунинг учун хотин-қизларни аввалига тикувчиликка ўргатиб, кейин иш беряпмиз.
— Турмуш ўртоғим вақтинча ишсиз, қайнонам нафақада, 4 та қизим бор,— дейди тикувчи Назокат Мирзаева.— Шунинг учун ушбу тадбиркорлик бизга жуда асқотяпти. Кийим-кечак тикишнинг ўзидан кунига 150 минг сўмгача даромад топяпман. Болаларим ёнимда, қайнанамга ҳам қарашнинг имконияти бор.
“Тараққиёт” маҳалла фуқаролар йиғинида эса пойабфзал тикишга асосий эътибор қаратилган. Бу жараён ҳам айнан касаначилик асосида олиб бориляпти. Айни пайтда 24 та хонадонда асосан хотин-қизлар томонидан оёқ кийимлар асослари тайёрланади. Маҳсулот сонига қараб ҳақ тўланиши эса, оила вакилларининг ишга бўлган қизиқишини оширмоқда.
Марҳамат туманида вилоят иқтисодий мажмуаси томонидан ўтказилган хатловларда 76 та маҳалла фуқаролар йиғинидан 12 таси ижтимоий иқтисодий ривожланишдан орқада қолаётгани ва ишсизлик даражаси юқори экани аниқланган эди. Ушбу масканларда 4 та йўналишда янгича ишлаш тизими жорий қилиниб, тадбиркорлар ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш чораларини кўришди. Натижада, уларнинг 1 510 таси “етакчи” ишбилармонларга бириктирилди.
“Қадрдон дўстлар” масъулияти чекланган жамиятнинг 1 гектарлик иссиқхонасида булғор қалампири етиштирилади. Экспортбоп ушбу маҳсулотнинг бозордаги баҳорги нархи 2 долларгача етади. Етакчи тадбиркор эндиликда ўз фаолиятини янада кенгайтириб, ривожланишдан ортда қолаётган маҳаллалар, иш билан банд бўлмаган аҳоли хонадонларига кўчришни мақсад қилди. Натижада унинг томорқа ер майдони 8 гектарни ташкил этиб, маҳсулот етиштириш ҳажми ҳам ортди. Бу ишлар, дастлаб хонадаонларга бепул иссиқхона қуриб беришдан бошланди. Икки, тўрт сотихдан қурилаёётган иссиқхоналарга агроном ҳам бириктирилган.
Ҳисоб-китобларга кўра, булғор қалампирининг ўзидан бир йилда икки сотих майдондан 14 миллион сўмгача даромад қилиш мумкин. Агарда иккинчи, учинчи экинга ҳамҳаракат қилинса, бу кўрсаткич 4 баробарга ортади. Мисол учун, Насибахон Расулованинг яқинда қурилган иссиқхонасида бодиринг етилиб қолди.
— Булғор қалампири экилгунга қадар томорқага яна уч экин экиб оламиз, —дейди Насибахон.
Тадбиркорлар нафақат кооперация асосида иш ташкил этишяпти, шу билан бирга маҳаллаларда хизмат кўрсатиш соҳасини ҳам йўлга қўйиб, аҳолига муносиб иш ўринлари яратяпи. Мисол учун ўтган йили “Бирлик” қишлоғи оғир вазиятда эди. Аҳоли бандлигида муаммолар талайгина, ҳатто комуникация тармоқлари эскириб, муддатини ўтаб бўлганди. “Етакчи” тадбиркор томонидан 5 миллиард сўм эвазига бу қишлоққа янги гузар мажмуаси қурилди. 15 та хизмат кўрсатиш тури, спорт майдонлари, чевархона, тўйхона ва чойхона қишлоқ аҳолиси учун чинакам туҳфа бўлди.
Соҳиба Турғунова ҳам шу вақтгача ишсиз эди. Икки нафар фарзанди билан бирор бир юмушни қўлини тутолмади. Янги ташкил қилинган тизим эса, уни яхшигина касаначи бўлишга ундади. Тадбиркор томонидан берилган янги, замонавий тикув машинасида ҳар куни, буюртма асосида маҳсулот тайёрлаб, 90 — 100 минг сўмдан хақ олмоқда.
Туманнинг олис, ривожланишдан орқада бўлган ҳудуди — Полвонтош қишлоғи. Хатлов натижалари 30 нафар хотин-қизнинг ишсизлигини кўрсатди. Излаган имкон топади, деганларидек, масъулияти чекланган жамият томонидан фойдаланилмай турган бинода ўқув ва амалиёт хонаси ташкил қилиниб, аёлларга тикувчилик ўргатилди. Ҳозир эса, опа-сингилларимиз хонадонларининг ўзида буюрма асосида маҳсулот тайёрлаб, даромад олмоқда.
Мухтасар айтганда, Андижон вилоятида “маҳаллабай” ва “хонадонбай” тизимлари орқали ана шундай хайрли ишлар кўлами кенгайиб боряпти. Хатлов натижасида аниқланган оғир ижтимоий вазиятда яшаётган, иш билан банд бўлмаган фуқароларнинг бандлиги таъминланяпти. Тўғри авваллари ҳам шундай ишлар амалга ошириб келинган. Лекин оилаларга ажратилган кам фоизли кредитларнинг қайтариш даражаси ўзини оқламади. Шундоғам оғир вазиятдаги хонадон эгаларининг аҳволи бу билан янада оғирлашди.
Эндиликда ҳар бир оила, ҳар бир хонадонни тадбиркорликка жалб қилиш, камбағалликдан чиқариш, турмуш шароитин яхшилаш чоралари кўрилмоқда. Сектор раҳбарлари эса инфратузилма масалалари, йўлларини тартибга кетириш, маҳаллаларни обод қилишга қаратилган манзилли дастурлар асосида ижросини таъминлашга кўпроқ эътибор қаратмоқда.
Ғайратбек СИРОЖИДДИНОВ,
журналист
Асрорбек Собиров олган суратлар.