Халқаро кузатувчилар 1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссияси раиси Т.Атамуратов ва округ комиссия аъзолари билан учрашди. Учрашув давомида халқаро кузатувчиларга сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар режасига мувофиқ амалга оширилган ишлар хусусида маълумотлар берилди.
Жумладан, 1-Қорақалпоғистон округи ҳудудида 654 сайлов участкалари тузилганлиги, тегишли тартибда мазкур участкаларга комиссия аъзолари тасдиқланиб, барча ҳудудларда сиёсий жараёнга тайёргарлик ишлари ниҳоясига етказилиб овоз бериш учун тайёр ҳолга келтирилгани таъкидланди.
Учрашувда халқаро кузатувчилар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ ва участка комиссиялари аъзоларига қўйиладиган талаблар, уларнинг тажрибаларини ошириш мақсадида ташкил қилинган ўқув семинарлари, сайлов участкаларида имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган фуқаролар ва бошқа сайловчиларга овоз бериш учун яратилган шароитлар билан қизиқди ва саволларига тўлиқ жавоблар олди.
Шундан сўнг халқаро кузатувчилар 1-Қорақалпоғистон сайлов округида эртанги сайлов кунига кўрилаётган тайёргарлик ишларини кўздан кечирди. Халқаро кузатувчилар сайловга тайёргарлик ва эртанги сайлов жараёнларини кузатиш учун республикамиздаги сайлов участкаларига йўл олишди.
Маълумот учун: Айни вақтгача 1-Қорақалпоғистон сайлов округи ҳудудида сайловга тайёргарлик ва сайлов кунидаги жараёнларни кузатиш учун узоқ муддатли 2 нафар ва қисқа муддатли 14 нафар халқаро кузатувчилар Қорақалпоғистонга ташриф буюрди.