Давлатимиз раҳбари мазкур даргоҳ таълим тизимига янгича руҳ ва мазмун олиб киришини таъкидлаб, барча педагогларни касб байрами билан табриклади.
– Ўқитувчи – меҳр дарёси, ўқитувчи – эзгулик булоғи, ўқитувчи – маърифат қуёши! Устозлар бугун ёшлар қалбига қадаётган маърифат ва эзгулик уруғининг ҳосилидан эртага бутун жамият баҳраманд бўлади, – деди Президентимиз.
Мамлакатимиз етакчиси буюк аждодларимиз камолоти ортида ҳам уларга сабоқ берган муаллимлар турганини ёдга олди. Имом Бухорий, Беруний, Амир Темур ва Алишер Навоий каби сиймоларни етиштирган устозларни «одамийлик боғининг боғбонлари» деб атади.
Давлатимиз раҳбари умрини ёшлар камолотига бағишлаган барча устоз ва мураббийларга юксак ҳурмат ва миннатдорлик билдирди.