Хўш, қизамиқ ўзи қандай касаллик? Тарқалаётган маълумотлар ҳақиқатга яқинми? Қизамиқнинг белгилари, асоратлари қандай ва ундан ҳимояланиш мумкинми?
Ушбу саволларга жавоб олиш учун Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Вакциналар логистикаси ва иммунопрофилактика бўлими бошлиғи, тиббиёт фанлари доктори Дилором Турсунова билан суҳбатлашдик.
— Қизамиқ кўпайгани ҳақида хабарлар тарқаляпти, бу хабарлар қанчалик асосли?
— Қизамиқ мавсумий касаллик бўлиб, асосан куз-қиш мавсумларида рўйхатга олинади. Бугунги кунда қўшни давлатларда қизамиқ касаллиги кўпаймоқда ва четга бориб келаётган қизамиққа қарши эмланмаган аҳоли, болалар орасида қизамиқ билан касалланиш рўйхатга олиняпти.
— Қизамиқ ўзи қандай касаллик?
— Қизамиқ — юқиш даражаси юқори бўлган ва оғир кечадиган вирусли ўткир юқумли касаллик бўлиб, дунё бўйича касалликни асоратидан чақалоқлар ўлимининг энг кўп тарқалган сабабларидан бири ҳисобланади.
— Асосан қайси ёш гуруҳларида учрайди?
— Қизамиқ ҳар хил сабабларга кўра эмланмаган — вақтинча кўчиб кетган, тиббий чеклов берилган, эмлашдан бош тортган аҳоли ва болаларда учрайди.
— Касалликнинг белгилари қандай?
— Касалликнинг биринчи белгиси тана ҳароратининг кўтарилиши — касаллик юққач ўнинчи куни пайдо бўлиб, 1-7 кун давом этиб, қуйидаги белгилар билан бирга кечади:
• бурун битиши;
• кўзларни қизариши (конъюнктивит);
• оғиз бўшлиғининг шиллиқ қаватларида кичкинаоқ доғлар пайдо бўлиши;
• ҳолсизлик;
• йўтал;
Тана ҳароратининг кўтарилишини 3-4 кунлари тананинг ҳамма жойларида тошма пайдо бўлади, дастлаб тошма юзда ва бўйиннинг юқори қисмида тошади. Уч кун давомида тошма тананинг пастки соҳаларига қўл ва оёқларга тошади. Тошма беш-олти кун давомида сақланади. 5-кундан сўнг терида пигментация — доғлар қолади. Кўпинча болаларда ва катта ёшдагиларда қизамиқ оғир кечади.
— Асоратлари қандай?
— 5 ёшгача эмланмаган болалар ва айниқса чақалоқлар қизамиқ касаллиги билан оғриганда қуйидаги асоратларнинг келиб чиқиши кузатилади:
• зотилжам
• шапкўрлик
• энцефалит (бош миянинг яллиғланиши оқибатида бош мия шишига олиб келиши)
• ўткир диарея
• ўрта қулоқнинг яллиғланиши (отит)
Қизамиқ билан касалланган ҳар 20 нафар боладан бир нафарида зотилжам касаллиги билан касалланиш рўйхатга олиниб, бу ёш болаларда касаллик асорати туфайли ўлим билан тугашига сабаб бўлади.
Асоратлар келиб чиқиши эҳтимоли, тўлиқ яхши овқатланмайдиган ёки иммунитети паст бўлган беморларда юқори бўлади. Касаллик ҳомиладор аёлларда ҳам жиддий асоратлар келиб чиқишига сабаб бўлиб, оқибатда ҳомила тушиши ёки вақтидан олдин туғруқни келтириб чиқаради.
— Қизамиқдан қандай ҳимоялаш мумкин?
— Қизамиқдан ҳимояланишнинг ягона усули — бу эмлаш. Миллий эмлаш календари асосида ҳар бир ота-она яшаш манзилидаги поликлиникага мурожаат қилиб, фарзандини 1 ёшда ва 6 ёшда қизамиққа қарши эмлатиши керак. Ўзбекистонда эмлаш дастури доирасида қўлланилаётган барча вакциналар самарали ва хавфсиздир.
Касаллик белгилари пайдо бўлиши билан шифокорга ёки “Тез ёрдам”га мурожаат этиш лозим. Беморни алоҳидалаш зарур ва шифокор тавсияси асосида керакли даволаш муолажалари олиб борилади.
Зулхумор Акбарова