Ҳар қандай шароитда ҳам аҳолини ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш, уларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш халқимизга хос фазилат. Шу маънода айтганда, ҳозирги пандемия шароитида кам таъминланганлардан ташқари ногирон ва кўмакка муҳтож бўлган инсонлар ҳам эътибордан четда қолмади. Жумладан, Қизил ярим ой жамияти аҳолининг эҳтиёжманд қатламига инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишда давом этмоқда.
Масалан, жамият пойтахтимиздаги 184 нафар якка-ёлғиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож, яшаш шароити оғир бўлган ногирон қарияларга 561 390 сўмдан, жами 103 295 760 сўм миқдорида моддий ёрдам пулини ажратди. Рўйхатдаги ҳар бир қарияга жамият томонидан банк билан шартнома тузилган ҳолда пластик карточкалари очилиб, ёрдам маблағлари тушириб берилди. Жамият ходимлари карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда мазкур пластик карталарни ўз эгаларига топширмоқда.
Қайд этиш керакки, Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи 200дан ортиқ кам таъминланган, якка-ёлғиз, ногирон қарияларга ва 51 нафар имконияти чекланган болажонларимизга ҳам меҳр-шафқат хизмати ҳамширалари мунтазам манзилли ёрдам кўрсатиб келмоқдалар.