Дастлаб Ёзувчилар уюшмаси Навоий вилоят бўлими ва Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши раҳбарлари ўртасида ҳамкорлик меморандум имзоланди. Шундан сўнг, мушоира бошланди. Унда йиғилганлар илк чиқишни Зомин семинари иштирокчиси Фахриёр Бахтиёровни қаршилади.

Шоирнинг ҳазил-мутойибага бой шеърлари барчага табассум улашди, кайфиятни кўтарди. Зомин семинари иштирокчиси Сардор Салимов ҳамда ижодкорлар Феруз Неъматуллаев, Гўзал Шарипова, Моҳинабону Тоҳирова, Эъзоза Умрзоқова, Қувончбек Ғайбуллаев, Маҳбуба Исломова, Чарос Раҳимқуловаларнинг шеърлари олқишларга ва устозлар эътирофига сазовор бўлди.

Дилларида ёшлик шижоати ва шеър завқи жўш урган устозлар Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Одил Ҳотамов, Салима Умарова, ижодкорлар Истам Ҳамро, Истам Ҳасанов, Дилбар Раззоқова, Ўралой Турдиева ҳам энг сара шеърларидан ўқидилар. Устозлар ёшлар ижоди юзасидан илиқ фикрлар билдиришди.

Шеърият оқшомида энг сара ижодкорлар ва энг яхши шеърлар эътироф этилди. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси лойиҳаси асосида  тайёрланган "Қизилқум оқшомлари" навоийлик ижодкорлар мушоираси адабиёт, сўз санъати, бадиий ижодни тараннум этди.

Устозлар ўгити, сабоқларини олиш имконини берди, шунингдек вилоят адабий муҳитини ривожлантиришда муҳим қадам бўлди. Бу қутлуғ қадамлар туманлар кесимида давом эттирилиб, вилоятнинг олис чўл ҳудудлари, овуллар, тоғ ва тоғ олди туманларда янгидан янги овозларни кашф этажак!

Ҳулкар Ғаффорова,

Ёзувчилар уюшмаси Навоий вилоят

 бўлими бош мутахассиси