Қизилтепа туманининг “Хомработ” ва “Ҳусбиддин” маҳаллалари ҳукумат қарорига асосан 2017-2018 йиллар давомида газ тармоғидан узилган эди. Ўша кезларда маҳалла аҳли газ тўловини олдиндан амалга оширган. Натижада 200 нафар фуқаронинг газ идорасидан ҳақдорлиги юзага келган. Шу боис улар мазкур маблағларни қайтаришда амалий ёрдам сўраб, Қизилтепа туман адлия бўлимига мурожаат қилган.

 – Мен “Ҳусбиддин” маҳалласининг “Ўзбекистон” кўчасида яшайман. 2018 йилга қадар кўча яшовчилари билан табиий газдан фойдаланиб келдик. Маҳалладошларимизнинг кўпчилиги газ учун олдиндан тўлов қилишарди. Масалан, менинг 400 мингга яқин пулим газ идорасида ортиқча турганди. Бошқаларнинг ҳам шу суммага яқин маблағлари бўлган. Бу пулларни қайтариш учун айрим идораларга хат билан мурожаат қилганмиз. Аммо ҳолат ўз ҳолига ташлаб қўйилаверган, – дейди фуқаро Анвар Равшанов.

 Адлия бўлими томонидан “O’ztransgaz” АЖ Навоий вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиалининг маълумотномалари кўздан кечирилганда фуқароларнинг газ идорасидан ҳақдорлиги тасдиқланди. Мурожаат асосида адлия бўлими томонидан фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судига даъво аризаси киритилиб, 200 нафар фуқарога жами 300 миллион сум пул маблағларининг қайтарилиши таъминланди.

Абдували АСАДОВ,

Қизилтепа туман адлия бўлими бошлиғи