“Аёллар дафтари” рўйхатида турган 1930 нафар хотин-қизни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга навбати билан олти ойда жами 612,3 миллион сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам берилди. 135 нафар хотин-қизнинг бандлигини таъминлаш учун ғалладан бўшаган майдондан 20–25 сотихдан ер ажратиб, шудгор қилиниб, такрорий экинлар экишга кўмаклашилди. 

Президентимизнинг 2021 йил 23 ноябрдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирини тўғрисида”ги қарорига асосан пахта ва ғалла майдонларини қисқартириш ҳисобига “Ёшлар  дафтари” рўйхатида турган 908 нафар ёшга ўзини-ўзи банд қилиш ва  зироатлар етиштириш учун  ўн йилга ижарага 25 сотихдан ер берилди. Айни дамда ёшлар ўзларига ажратилган ерларга ҳар хил полиз экинлари ва сабзавот экиб, парваришлашаяпти. Барвақт ер олганлар экинлар ҳосилидан аллақачон даромад кўра бошлади. Шунингдек, “Темир дафтар” рўйхатидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож 84 та оиланинг 342 нафар аъзосини  фойдали меҳнатга жалб қилиш чоралари изланяпти.

Туманда ижтимоий ҳимояга муҳтожлар, ногиронлиги бўлган шахслар, меҳнат қилиш лаёқати чекланган фуқаролар  анча. Шу тоифадаги шахсларни  ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, моддий ёрдам кўрсатиш, уй-жой шароитларини яхшилаш учун эса қўшимча маблағ керак. Қизириқда  ҳомийлик қиладиган даражадаги иқтисодий бақувват корхона, завод, фабрикалар йўқ ҳисоби. Шу боис аҳолининг ёрдамга муҳтож қисмини  камбағалликдан қутқариш ва уларга моддий ёрдам беришнинг бирдан-бир имконияти ердан самарали фойдаланиш. Зеро, бу йил суғориш тармоқларида сув етарли. 

Қизириқ туманига янги ҳоким бўлиб келган Рустам Пардаев фаоллар, оқсоқоллар, фермер хўжаликлари, тадбиркорлар, кластер ташкилоти раҳбарларини маслаҳатга чорлаб, ғалладан бўшаган ва ҳокимлик захирасидаги ерлардан 1136 гектарига дон учун маккажўхори етиштириш ва даромадини ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлашга сарфланишини билдирди. Ҳамма бу ташаббусни қўллаб-қувватлади. 

Шундан сўнг фермер хўжаликлари, кластерлар ва тадбиркорларнинг техникаси далаларга сафарбар қилиниб, аввало, ерлар сифатли шудгорланди, эгат олинди. Тадбиркорлар томонидан хориждан олиб келинган маккажўхорининг тезпишар ва серҳосил симон, акипара, акароа навлари уруғи экилди. 

— Маккажўхорининг хориждан келтирилган навлари серҳосил, ҳар тупида 3–4 тадан сўта бойлайди, ҳосили тез пишади, — дейди туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Отабек Поёнов. — Ҳар  гектар майдонга 75 минг донагача уруғ қадалди. Айни пайтда далаларимизда дон учун ўстирилаётган маккажўхори бўйи 60 сантиметрга етган, парвариши агротехника талаблари асосида  ташкил қилинаяпти.

Соҳа мутахассисларининг таҳлилий ҳисоб-китобига қараганда, ҳозир 1136 гектар майдонда ўстирилаётган маккажўхоридан октябрь ойи ўрталарига бориб 14 минг тонна дон олинади. Ҳар гектар майдондаги маккажўхори поясидан 15 тоннадан чорва моллари учун хушхўр ва тўйимли силос жамғарилади. Дон ва силоснинг умумий даромади 4,5 миллиард сўмдан ортиши тахмин қилиняпти.

Табиийки,  маккажўхори ўз-ўзидан сўта  бойламайди, пояси ҳам бақувват бўлмайди. Фақат сифатли ишлов, намунали парвариш, ўз вақтида суғориш ҳисобига юқори ҳосил етиштириш мумкин. Зарбдор маҳалласига борганимизда 10 гектар майдонда парваришланаётган маккажўхорининг бўйи 60 сантиметрдан ошган, тажрибали деҳқон Олтибой Ортиқов ўғиллари – Элмурод ва Юсуф билан далага  сув тараб турган экан. Салом-аликдан сўнг Олтибой ака тўнғич ўғли Боймурод шахсий трактори билан маккажўхори эгатлари орасига икки марта ишлов бериб, бир марта озиқлантирганини, келинлари – Гулистон, Саодат, Сайёра, Гулбарг маккажўхорилар тагини юмшатиб, бегона ўтлардан тозалаганини айтиб берди.

— Маккажўхори ғўзага ўхшаб кўп ишлов талаб қилмайди. Яна бир марта тагини юмшатиб, бегона ўтдан тозалаймиз ва эгат ораларига культивация юргизиб, озиқлантирсак бас. Кейин изма-из суғораверамиз, — дейди тажрибали деҳқон. — То сўталар донга тўлиб, ҳосил йиғилгунича ишчи кучи ва техникага ҳожат бўлмайди.

—  Бошқа далаларда ҳам маккажўхори парвариши шу зайл ташкил қилинган, — дейди туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Камол Бобонов. — Чопиқчи аёлларга, сувчиларга кунлик ишига қараб пул бериляпти.  Фермер ёки кластер техникасини вақтинча ижарага бериб қўйибди. Аммо тракторчига иш ҳақи, солярка,  маъданли ўғит харажатлари ҳокимлик томонидан қопланмоқда. Бу харажатларинг барчаси учун “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағидан фойдаланиляпти.

Сирасини айтганда, то маккажўхори дони пишиб, пояси силос қилиниб,  чорвадорларга сотилгунича кўпи билан 600 миллион сўм харажат қилинади. 

Халқимизда “Пул пулни топади” деган гап бор. Қизириқликлар кузда маккажўхори дони ва силосини сотиб, 4,5 миллиард сўм даромад қилишни кўзлашмоқда. Ўсимлик парваришида иштирок этаётган деҳқонларнинг, тракторчининг иш ҳақи, маъданли ўғит, техника, ёнилғи-мойлаш материаллари харажатлари учун сарфланаётган маблағ даромаддан “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобига қайтарилади. Ҳосил чин бўлиб берса, 3,5 миллиард сўм соф фойда туман аҳолисининг турмушини фаровонлаштиришга сарфланади.


Усмонали НОРМАТОВ,
журналист