Менинг кутилмаган хушхабардан ҳамон ўзимга кела олмаётганим четдан қараган одамга кулгили туюлиши мумкин. Аммо ўрнимда ҳар қандай инсон ҳам мана шундай ҳолга тушган бўларди...

Турмуш ўртоғим оламдан ўтганидан кейин қайнотамникидан кетганман. Чиққан қиз чийдан ташқари, деган гап бор. Ота эшикка қайтишни эп кўрмадим. Ўзимдан анча катта бир инсон билан иккинчи бор турмуш қурдим. Афсуски, у билан ҳам ҳаётим яхши кечмади. Бошпанасиз қолиб, ҳали у ерда, ҳали бу ерда яшаб юрдик. Неча йиллик саргардонликлар, хору зорликлардан қаддим эгилди, ёшлигим увол бўлди. Еттинчи жойдан ҳам кўчганимиздан сўнг уй дейишга ҳам тил бормайдиган бир гувала кулбада яшай бошладик. Турмуш ўртоғимнинг топиш тутишида тайин йўқ, жанжал, қизларим ҳам уруш-жанжалдан безиб қолганди. Хуллас, ўзининг ҳаётини ўзи издан чиқариб юборди. Шундай бўлса-да, қизларим учун яшайвердим. Бошқа имконим ҳам, чорам ҳам йўқ эди, ахир. МФЙда фаррош бўлиб ишлаб, рўғор тебратишга ҳаракат қилдим.

 Март ойининг 17 куни уйимиз олдига 5-6 киши келиб, бизни чақиришди. Ташқарига чиқсам, туманимиз ҳокими ва ёрдамчилари экан. Ҳоким бу уйда одам яшашига ишонмай турарди. Яратганнинг ўзи меҳрибон-да. Менга туман ҳокимининг ўзини рўбарў қилиб қўйди, мен билан узоқ гаплашди. Бошимдан ўтганларни, нима сабабдан бу ерда яшаётганимни айтиб бердим. Қолаверса, шу пайтгача ҳеч кимга мурожаат қилмаганим, бир марта туман хотин-қизлар қўмитаси раиси билан учрашмоқчи бўлганимда оёғимдаги калишнинг йиртиқ эканини рўкач қилиб, опа билан учраштиришмаганини ҳам яширмадим.

Ҳоким мени обдон эшитиб бўлгач, ёнидагиларга қараб, “Маъмуробод” МФЙдаги уйлардан бирини берамиз, тезликда кўчириб ўтиш керак”, деди.

Бу гапдан карахт бўлиб қолдим. Тўғриси, оёқларим қалтираб, бутун танамда кучли титроқ уйғонди. Қулоқларимга ишонмас эдим. Қизларим билан янги уйга кўчиб ўтганимиз, ўша уйда тонглар оттираётганимиз ҳамон тушга ўхшайверади, ишонгим келмайди. Давлатимиз биз каби эҳтиёжманд, бошпанасиз қолганлар учун уйлар қуриб қўйганига миннатдорлигимни қандай изҳор этишни билмайман. Шу чоққача маъюс кўзлари кула бошлаган қизларимга қараб, “биз ўз уйимизда яшаяпмизми, ўнгимизми тушимизми”, дейман тинмай.

Яна бир гапни айтсам, ишонмайсиз. Тасодифни қарангки, бу ерда туғишган опам билан қўшни бўлиб қолдик. Опам ҳам энди мендан бемалол хабар олиб туриши мумкинлигидан хурсанд. Чунки 2-3 йил аввал қувватсизликдан ҳушимни йўқотиб, йиқилганимда бошим тошга тегиб, қаттиқ шикастланган эди. Шунинг асоратими, тез-тез ҳушимни йўқотадиган бўлиб қолганман. Мана шундай пайтда ёнингда яқининг, жигаринг бўлса дер эдим. Тағин уйимизга яқин жойдаги катта тўқимачилик корхонасига ишга ҳам жойлаб қўйишди. Янги жамоада ҳамма яхши гапиради, кўнглимга қарайди.

Маҳалла фуқаролар йиғинида ишлайдиган Омина опа эса худди онам каби ғамхўрлик кўрсатяпти. Ўзига 2 та нон олса, биттасини бериб кетади. Озиқ-овқат, кийим-кечак, идиш-товоқдан ҳам ёрдам қиляпти. Энди соғлигим ҳақида ҳам қайғура бошлади. Бепул даволанасиз, ордер олиб берамиз, деяпти. Нариги маҳалламизда ҳам “Аёллар дафтарида” рўйхатда турар эдим. Шу пайтгача улар ҳам моддий ёрдамлар бериб келишди. Кўчиб келган кунимизданоқ бу ерда ҳам “Аёллар дафтари”га киритилдик.

Менга ўхшаган қанча-қанча уйсизларни уйли қилиб, кутилмаган бахтга эриштираётганлари учун аввало Президентимизга, ҳокимларимизга мингдан-минг раҳмат айтаман. Аста-секин ҳаммаси бўлар экан. Айниқса, бизнинг юртимизда ҳеч бир инсон ўз ҳолига ташлаб қўйилмаслигига яна бир бор гувоҳ бўлиб турибман. Фуқароларига бундай ғамхўр давлат бўлмаса керак. Бу ёғига мана шу ғамхўрликка жавобан қизларимни юрт хизматига ярайдиган инсонлар қилиб тарбиялайман. Ўзим эса ҳалол меҳнатим билан фаровонликка ҳисса қўшаман. Инсон руҳияти баланд бўлса, ҳурмат топса, оила ва фарзандлар учун, юрт фаровонлиги учун шижоати пайдо бўлишига чин дилдан ишондим.

Арофат БЕКНАЗАРОВА,

Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани “Маъмуробод” МФЙ