Оддийгина ниқоб тақиб  юришга, карантин қоидаларига бўйсунмасликка  ҳаракат   қилаётган инсонлар шундоқ ҳам мураккаб бўлган  вазиятни  чигаллаштирмоқда. Улар ҳали ҳам вазиятни жиддий қабул қилмай, карантин    қоидаларига  менсимаслик билан қарашяпти.   Бундайлар ўзимизда ҳам учраётгани одамни ташвишга  солмоқда.

Ўзим иштирок этган бир оилавий тадбирдан оддийгина мисол. Ёши элликка  яқинлашган  қариндошим  қизининг  фотиҳа  тадбирини  50  дан  ортиқ  одам  билан  ўтказди.  “Нега  бунчалик  дабдаба?  Тўртта  одам  билан  ҳам  ихчам  ўтказса  бўлар эдику?!”, деб сўрадим. Улар менга урф-одатларимиздан чиқиб  кета  олмаслигини  рўкач қилди. Олий маълумотли кишидан бу жавобни эшитиб, хафа бўлдим. Тадбирни ташлаб кетишни ҳам эп кўрмадим ўзимга. 

Натижада  ўша  тадбирдан  кейин  оила  аъзоларим, ҳаммамиз  коронавирусга  чалиндик. Мен ва рафиқамда касаллик оғир кечди. Ўзим ва рафиқам Зангиота туманидаги ихтисослаштирилган клиник касалхонада даволандик. Мазкур килиникага 2021 йилнинг 2 октябрида мурожаат қилдим. Мени дарҳол палатага олишди, интенсив даволашни бошлаб юборишди.  Аҳволим анча оғир, жиддий муолажага муҳтож эдим. Клиника шифокорлари Ш.Шарипов ва С.Ибрагимовалар жонбозлик кўрсатиб, мени тезда оёққа турғизишди.

Айниқса, ХХРнинг Ухан шахридаги касалхона шифокорлари билан тажриба алмашган Садоқат Ибрагимова жонимга оро кирди. У киши касалликни енгиш беъморнинг ички ресурслари ва иродасига боғлиқ эканлигини таъкидлади. Шунингдек, Садоқат Ибрагимова ўпка гимнастикасига катта эътибор бериш керак, деб бот-бот такрорлади. Беморларнинг шифо топишида шифокор Улуғбек Расуловнинг ҳам хизмати беқиёс. Касалликни енгишда клиника шифокорлари инновацион методни қўллашяпти. Шунинг учун беъморлар қандай оғир аҳволда бўлмасин, тезда соғайишмоқда. Ҳатто ўпкаси 70%гача зарарланган беъморларни ҳам узоғи билан 1 ҳафтада тузатишяпти.

Албатта, ўрта бўғин тиббиёт ҳодимлари ҳам алоҳида таъкидга лойиқдир. Чунки шифокор кўрсатмалари ва тавсияларини ўз вақтида муолажа қилиш асосий омилдир. Мазкур клиниканинг 4-бўлинмасида меҳнат қилаётган ҳамширалар — Холида Абдуллаева, Зилола Толибжонова ва Гўзал Алиқулованинг меҳнатини алоҳида таъкидлаш жоиз. Кичик тиббиёт ходимлари санитарлари хизмати ҳам тахсинга сазовор. Кўз олдимда жонлантириш бўлимига келган 71 яшар беморни муқаррар ўлим ёқасидан қутқарган санитарлар Зарина Ҳайруддинова ва Ҳуринисо  Рахимовалар хизмати таҳсинга лойиқ. Уларнинг ширин сўзлари беморларга касалликни енгишда жуда катта мадад бўлмоқда. Кеча-кундуз тиним билмай ишлаётган турли бўғин тиббиёт ҳодимларининг хизматини ҳеч бир меъзон билан баҳолаб бўлмайди.

Клиникада дори-дармон таъминоти билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо йўқ, ҳамма нарса ўз вақтида берилмоқда. Озиқ-овқат таъминоти ҳам алоҳида диққатга сазовор. Тўрт маҳал овқат ҳарбийчасига ўз вақтида берилади. Таомларнинг ҳаммаси тўйимли ва сифатли. Мен шахсан ўзим шунга гувоҳ бўлдимки, давлатимиз бизни пандемия балосидан қутқаришда ҳар қандай сарф-ҳаражатга тайёр. Зеро, қўшни мамлакатларда оддий бир дори-дармонни топиш имкони йўқ бир пайтда, бизда ҳамма нарса муҳайё ва 100 фоиз давлат бюджети томонидан таъминланиб келинмоқда. Турли юртлардан вакциналар келтирилиб, текинга эмлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Касаллик ортга чекингани йўқ, унинг янги турлари пайдо бўлмоқда. Хиндистонда “Делта штампи” пайдо бўлган бўлса, Жанубий Африкада коронавируснинг “Омикрон” тури кенгаймоқда. Вазият анча мураккаб. Юрдошларимиз давлатимиз томонидан яратилаётган имкониятларнинг қадрига етиб, касалликдан ўзларини ҳимоя қилишлари керак. Яна карантин қоидаларига қатъий риоя этишимиз шарт. Бундан бошқа йўл йўқ!     

 Азиз Умаров,

Ўзбекистон Республикаси

Жамоат хавфсизлиги 

университети офицери