Ушбу Қонун кимларга нисбатан қўлланилади?
Қонуннинг амал қилиши Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрига киритилган лавозимлардаги давлат фуқаролик хизматчиларининг фаолиятига нисбатан татбиқ этилади. У президент, Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси ҳамда бошқа маҳаллий давлат ҳокимият органлари депутатлари, юқори ва қуйи палаталар девонлари ходимлари, Марказий сайлов комиссияси аъзолари, судьялар ва суд тизими ходимлари, Марказий банк бошқаруви аъзолари, прокуратура, ички ишлар, мудофаа ишлари, фавқулодда вазиятлар, Миллий гвардия, Давлат божхона қўмитаси ва ДХХ органларида хизмат қилаётганлар, шу жумладан, ҳарбий хизматчилар, қолаверса, давлат органларининг техник, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ходимларининг фаолиятига нисбатан татбиқ этилмайди.
Қонунга мувофиқ, давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги махсус ваколатли орган этиб Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги белгиланяпти. У ўз ваколатлари доирасида давлат идораларининг кадрлар сиёсати соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради, давлат хизматига кадрларни танлов асосида танлашни ташкил этади, давлат хизматчиларининг самарадорлигини баҳолаш учун индикаторлар тизимини жорий этади ва уларнинг натижаларини таҳлил қилади, жамоатчилик фикрини ўрганади ва давлат органлари раҳбарларининг очиқ рейтингини шакллантиришда иштирок этади. Шунингдек, агентлик давлат хизматчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ҳамда уларнинг ишлаши ва ижтимоий ҳимояси учун тегишли шарт-шароитлар яратишда ёрдам кўрсатади.
Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестри Ўзбекистон Президенти томонидан тасдиқланади ва махсус ваколатли давлат органи томонидан юритилади. ДФХ лавозимларининг давлат реестри, шунингдек, унга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар махсус ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
Чекловлар
Ўзбекистон фуқароси давлат фуқаролик хизмати лавозимига тайинланган пайтдан эътиборан давлат фуқаролик хизматчиси ҳуқуқий мақомига эга бўлади ва давлат фуқаролик хизматчисининг фаолияти тугатилиши муносабати билан уни йўқотади. Давлат фуқаролик хизматчиси лавозимларининг сиёсий гуруҳига тааллуқли давлат хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми билан боғлиқ бўлган қўшимча ҳуқуқлар, мажбуриятлар ва чекловлар алоҳида қонунчилик билан белгиланади.
Давлат фуқаролик хизматчисига қонунда белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятлардан ташқари давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ чекловлар ҳам ўрнатилган. Унга кўра давлат фуқаролик хизматчиси ўзаро яқин қариндошликка ёки қуда томондан қариндош бўлган шахслар билан айнан битта давлат оранида бирга хизмат қилиши, агар уларнинг бирга хизмат қилиши улардан бирининг иккинчисига бевосита бўйсунишига ёки унинг назорати остида бўладиган давлат фуқаролик хизмати лавозимини эгаллаши, педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан шуғулланишга, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш, тадбиркорлик фаолияти субъектларини ташкил этишга, уларнинг муассиси бўлишга, тадбиркорлик фаолияти субъектида ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини бажаришга, ўзи хизмат қилаётган давлат органи назорати остидаги ёки у билан алоқалар ва манфаатларга эга бўлган ташкилотлардаги улушларни, пайларни ва акцияларни бевосита ёки вакиллар орқали олишга, ўз хизмат ваколатларини жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бажариш ёки бажармаслик эвазига улардан бирон-бир мукофот, фойда ёки совғалар олишга, чет давлат фуқаролигини олишга, қонунчиликда назарда тутилган имтиёзлар, преференциялар ёки афзалликлардан ўз хизмат мавқеи билан боғлиқ ҳолда фойдаланишга, Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида ҳисобварақлар очишга ва уларга эга бўлишга, кўчмас мулкка ва бошқа мол-мулкка эгалик қилишга, бундан чет давлатда таълим олиш, стажировка ўташ ва тиббий хизматлардан фойдаланиш мақсадида очилган ҳисобварақлар, давлат фуқаролик хизматига киришдан олдин олинган ва ошкор қилинган мол-мулк бундан мустасно, ўзининг ваколатларини сиёсий партияларнинг, бошқа жамоат бирлашмалари ва улар органларининг манфаатларини кўзлаб амалга оширишга ҳақли эмас.
Шунингдек қонун билан давлат фуқаролик хизматида совғаларга нисбатан муносабатда бўлиш шартлари қайд этилган.
Давлат фуқаролик хизматчиси хизмат ваколатларини жисмоний ва юридик шахслар манфаатларини кўзлаб бажариш ёки бажармаслик эвазига улардан ҳар қандай совғалар олиши тақиқланади. Бундан давлат фуқаролик хизматчиси томонидан алоҳида хизматлари учун давлат органининг тегишли қарори асосида олинган совғалар, шунингдек, мусобақалар ва танловларда эришган ютуқлари, давлат байрамлари, нишонланадиган саналар ҳамда бошқа расмий тадбирлар муносабати билан мукофотлаш натижасида олинган совғалар мустасно.
ДФХ фуқаролик хизматчилари хизмат сафарлари вақтида, шунингдек халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан совғалар олиши мумкин.
ДФХ томонидан хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар билан олиниши мумкин бўлган совға қиймати, шунингдек уни тасарруф этиш тартиби коррупцияга қарши курашиш бўйича махсус ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.
Бундан ташқари, қонунда ДФХ белгиланган муддатларда ва тартибда даромадлари ҳамда мол-мулки тўғрисида декларация тақдим этиши шарт.
Гулноза Қодирова,
Фарғона вилояти
Қува тумани адлия бўлими бошлиғи.