Ўзбекистон Барқарор ривожланишнинг бешинчи мақсадини амалга ошириш доирасида “Гендер тенгликни таъминлаш ҳамда барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш”га оид тўққизта вазифани ишлаб чиқди. Бешинчи мақсаднинг вазифаларига (Гендер тенглик) мувофиқ, 2030 йилга келиб барча хотин-қизларга нисбатан камситишларнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда қарорлар қабул қилишнинг барча даражаларида аёлларнинг тўлиқ ва самарали иштирокини ва етакчилик қилиш учун тенг имкониятларни таъминлаш зарур.

Мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётдаги ролини ошириш бўйича ишлар бир неча йўналишларда олиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Ўзбекистон аҳолисининг 51 фоизини аёллар ташкил этади. Давлат ва жамоат ташкилотларида раҳбарлик қилаётган аёллар сони 1 400 нафар, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаси ходимларининг 82 фоиздан ортиғи ҳамда таълим-тарбия, санъат ва маданият соҳасида 72 фоиз, қишлоқ хўжалигида 45, саноатда 38 фоиз хотин-қизлар ташкил этади. Депутатлик корпусининг 30 фоизи хотин-қизлардан иборат.

Таъкидлаш керакки, Президентимизнинг 2019 йил 7 мартдаги қарори билан хотин-қизларнинг гендер камситилишига йўл қўймаслик мақсадида Хотин-қизларнинг гендер тенглигини ҳимоя қилиш бўйича комиссия ташкил этилди. Унга раҳбарлик қилиш Олий Мажлис Сенати раисига юклатилди. Олий Мажлис Сенати Кенгаши қарори билан 2019 йилнинг 30 июль куни Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича қўмита ташкил этилди. Унинг фаолияти мамлакатимизда гендер тенгликни ҳамда давлат ва жамият ишларида хотин-қизларнинг иштирокини таъминлашда давлат сиёсатини олиб бориш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш, гендер тенгликни таъминлаш ва оила институтини ривожлантиришга оид қонунларни амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифалари, шунингдек, халқаро ҳуқуқ нормалари ва қоидаларига мослигини кўриб чиқиш ва бошқа вазифаларни бажаришга қаратилади.

Ўзбекистонда бир қатор қонун ҳужжатлари, жумладан, Президентнинг хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш, хусусан, гендер тенглиги ва аёлларни зўравонлик ва зулмдан ҳимоя қилиш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш мақомини кучайтириш тўғрисидаги фармон ва қарорлари қабул қилинган.

Гендер тенглигини жорий қилиш нуқтаи назаридан таълимдаги ижобий силжишларни алоҳида таъкидлаш керак. Яъни, 2017 йилдан бошлаб аксарият олий ўқув юртларида турли мутахассисликлар бўйича сиртқи, масофавий бўлимлар ташкил этилди. Таълимнинг ушбу шакли ёш аёлларга болаларни парвариш қилиш ва бошқа оилавий мажбуриятларни бажаришга халал қилмасдан олий маълумот олиш имкониятини беради.

Таъкидлаш жоизки, гендер тенгликнинг қонун ҳужжатларидаги самарадорлигини таъминлаш учун уни институционал тизим доирасида амалга ошириш керак, бу эса таклиф этилаётган қонун лойиҳалари ва мавжуд қонунларни мунтазам ва тизимли асосда гендер экспертизадан ўтказиб боришни талаб этади.

Шунингдек, гендер тенгликни таъминлаш учун махсус инфратузилмани яратиш зарур. Бу парламентнинг гендер тенглиги масалалари бўйича қўмитаси, гендер тенгилигини таъминлаш масалалари бўйича фракция ёки таҳлил бўлимларига алоҳида масъулият юклайди. Бундай органларга одатда парламентда гендер ёндашувининг ривожланишини кузатиб бориш, ҳукуматнинг барча ҳисоботларининг гендер жиҳатларини ўрганиш ва ушбу мақсадларга эришиш учун кўрсаткичларни самарали ишлатилишини таъминлаш буюрилади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, гендер тенгликни таъминлаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиши мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илғор қадамларидан саналади. Айниқса, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонун демократик-ҳуқуқий давлат қуриш йўлидаги пойдевор вазифасини бажарувчи муҳим сиёсий аҳамиятга эга ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Ушбу қонун нафақат умумэътироф этилган одоб-ахлоқ тамойилларига асосланади, балки мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ҳам хизмат қилади.

Дилдора АНВАРОВА,

ТДЮУ “Конституциявий ҳуқуқ” кафедраси ўқитувчиси