Қайд этиш жоиз, мазкур қонун лойиҳаси шу йил 27 апрелда парламент қуйи палатасида депутатлар томонидан моддама-модда кўриб чиқилганди. Унда қонун лойиҳасининг 12-моддасидан ташқари барча моддаларига овоз берилиб, маъқулланган эди. Ўтган вақт мобайнида лойиҳанинг 12-моддаси қўмита томонидан, тегишли мутасадди ташкилотлар, шунингдек олимлар иштирокида қайта кўриб чиқилиб, барча билдирилган эътирозлар бартараф этилди ҳамда берилган таклифлар инобатга олинди.
Шунингдек, қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 42-моддасига ҳам тегишли ўзгартиш киритилмоқда. Мазкур модда орқали давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жазо чораси кучайтирилмоқда. Бинобарин, фуқароларнинг тарбия ва таълим беришда тилни эркин танлашдан иборат ҳуқуқларини бузиш, тильдан фойдаланишда тўсқинлик қилиш ва чеклаш, давлат тилини, шунингдек Ўзбекистон Республикасида яшовчи бошқа миллатлар ва элатларнинг тилларини менсимаслик билан боғлиқ хатти-ҳаракатлар базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши қонун билан белгиланмоқда.
Мажлисда депутатлар қонун лойиҳасини учинчи ўқишда қабул қилдилар, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати.