Гап шундаки, Навоий вилояти Учқудуқ тумани Олтин тоғ кўчасида яшовчи фуқаро Наврўз Мизомов ака-укалари билан келишиб, яқинда 60 йиллик юбилейини нишонлайдиган отаси Насриддин Мизомовга ўз она юрти Хатирчи туманидан уй совға қилишни ният қилиб, шу тумандаги “Соғлом авлод – 2020” МЧЖ билан 2021 йил 16 апрель куни 259 миллион 350 минг сўмга 2 хонали хонадон сотиб олиш бўйича шартнома тузади ва 2022 йил ноябрь ойида хонадонни қабул қилиб олишга келишади.

Фуқаро шартномада келишилган тўлов жадвали асосида МЧЖга 73 миллин 792 минг сўм маблағни ҳам тўлаб беради. Орадан бир йил ўтса ҳамки қурилиш ишлари бошланавермайди. Бундан безовта бўлган фуқаро МЧЖ раҳбариятига бир неча бор мурожаат қилди, лекин ҳеч қандай натижа бўлмади. Бу ҳам етмаганидек, МЧЖ раҳбари “Қаерга борсанг бор, дардингни кимга айтсанг айт” қабилида гапиради.

Шундан сўнг фуқаро Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг Хатирчи туман жамиятига шикоят аризаси билан мурожаат қилди.

Шикоятни ўрганган жамият масъул ходимлари вазият билан танишди. МЧЖ масъулларига амалдаги қонунчилик талаблари, истеъмолчининг ҳуқуқлари, хизмат кўрсатувчининг мажбуриятлари, шунингдек, шартнома шартлари тўғрисида берилган тушунтиришлар самарасиз бўлгач, фуқаро Наврўз Мизомовнинг манфаатини кўзлаб Фуқаролик ишлари бўйича Хатирчи туман судига даъво аризаси киритилди.

Даъво аризасини кўриб чиққан суд маҳкамаси фуқаро Н.Мизомовга жавобгар “Соғлом авлод – 2020” МЧЖдан 73 миллион 792 минг сўм маблағ ва 3 миллион сўм маънавий зарар ундириш бўйича қарор қабул қилди.