Унда Сенат аъзолари, тегишли идора ва ташкилотлар масъуллари, ОАВ ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн олтинчи ялпи мажлиси кун тартибига киритилган масалалар дастлабки тарзда муҳокама этилди.
Хусусан, «Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили ҳақида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни юзасидан кенг кўламда муҳокамалар олиб борилди.
Ҳозирги вақтда ер юзида ўзбек тилида сўзлашувчилар сони қарийб 50 миллион кишини ташкил этиши унинг дунёдаги йирик тиллардан бирига айланиб бораётганидан далолат беради.
Айни вақтда юртимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элатларнинг маданияти ва урф-одатларини, хусусан, уларнинг она тилларини ривожлантириш учун ҳам зарур шароитлар яратилмоқда. Турли ҳудудларда ташкил этилган 140 га яқин миллий маданият марказлари ана шу мақсадларга хизмат қилмоқда. Кўплаб таълим-тарбия масканлари, оммавий ахборот воситалари ўзбек тили билан бирга, қорақалпоқ, рус, қозоқ, қирғиз, тожик, туркман тилларида фаолият кўрсатмоқда. Яъни давлатимиз барча миллатлар тили ва маданияти ривожланишига етарлича шароит яратган.
«Давлат тили ҳақида»ги қонун қабул қилинган куннинг улкан тарихий ўрни ва аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда, Президент фармони билан 21 октябрь санаси юртимизда «Ўзбек тили байрами куни» деб белгиланди. Бу байрам ҳақидаги норма янги қонунда ҳам ўз ифодасини топган.
Шунингдек, Қон донорлиги соҳасини ривожлантириш юзасидан кўрилаётган чоралар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш масаласи муҳокама қилинди.
Хусусан, ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида «Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида»ги Қонун қабул қилиниб, унда Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги соҳасидаги ваколатлари белгилаб берилган.
Кўрилган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.