Сафар давомида олий таълим муассасаларида амалга оширилаётган ишлар билан бевосита танишиш мақсадида вазир ўринбосари Қўқон давлат педагогика институтида бўлиб, дастлаб, муассаса қошида ташкил этилган нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехини кўздан кечирди.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, бир кунда 1500 дона қолипли нон ишлаб чиқариш қувватига эга ушбу цех 6 нафар талабани иш билан таъминлабгина қолмай, сифатли ва арзон нонларни истеъмолчиларга етказиб бермоқда.
Цехда ишлаб чиқарилган қолипли нон вазни 400 гр.ни ташкил этиб, нархи эса талабалар учун 2000 сўм белгиланган. Маҳсулотларнинг сифати ва бу ерда яратилган шароитлар ижобий дея эътироф этилди.
Шундан сўнг, жорий ўқув йилида фойдаланишга топширилаётган замонавий IT-парк биноси ҳам вазир ўринбосарининг диққат марказида бўлди. IT-парк очилиш маросимида иштирок этган вазир ўринбосари бу ерда талабалар учун яратилган барча қулайликлар, истиқболли Start-up лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича ишларнинг ташкил этилиши ҳолати билан қизиқди.
Конференциялар зали, ўқув хонаси, овоз ёзиш студияси ҳамда кичик ошхонани ўз ичига олган парк бир вақтнинг ўзида 50 нафар талабага хизмат кўрсатиш имкониятига эга.
Айтиш мумкинки, бу ерда ахборот технологиялари йўналишида илк лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилиши кутилмоқда.
Кейинги манзил Миллий ҳунармандчилик ва амалий санъат факультети қошидаги кулолчилик, мебель ишлаб чиқариш ва тикув цехлари бўлди. Ушбу цехларда фан-таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграция жараёнлари ҳам вазир ўринбосарида катта қизиқиш уйғотди.
Амалга оширилган ишларни кўздан кечириш баробарида Сарвархон Бузрукхонов томонидан истиқболдаги режаларни амалга ошириш борасида масъулларга тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилди.