Қарийб 700 гектардан зиёд майдонда жойлашган “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида бугунга қадар 100 га яқин лойиҳалар ишга туширилган бўлиб, корхоналарнинг бу йилги экспорт ҳажми 55 млн АҚШ долларидан кам бўлмаслиги режа қилинган.
“Kokand Bicycles” хусусий корхонаси таъсисчиси Муҳсинбек Абдураҳимов ҳам ЭИЗ ҳудудида 2018 йилда иш бошлаган. Унга қадар Қўқон шаҳрида ўз ҳовлисида велосипедларни йиғиш билан шуғулланиб келган. Ўтган 2020 йилда бу корхонада MBF маркаси остида 170 мингдан зиёд велосипед ишлаб чиқарилган. Маҳаллийлаштириш даражаси 56-57 фоизни ташкил этади. Ҳозирда 200 нафар иш ўрни яратган тадбиркор йил бошидан Қирғизистонга 700 минг АҚШ доллари ҳажмида велосипедлар экспортини амалга оширган. Қирғиз делегацияси аъзолари корхонадаги ишларнинг боришини катта қизиқиш билан кузатдилар.
Шундан сўнг эркин иқтисодий зонадаги “Great KOKAND” корхонасига борилди. Бу ерда тайёрланадиган маҳсулотларнинг 40 фоиз хом ашёси маҳаллийлашган. Қурилиш индустрияси, тўқимачилик ҳамда озиқ-овқат саноатлари каби тармоқларда жуда катта талаб мавжуд бўлган қадоқлаш воситалари бу ерда ишлаб чикарилади. Лойиҳа учун 3 млн АҚШ доллари сарфланган. Баткенлик ишбилармонлар лойиҳани ҳаётга тадбиқ этиш билан боғлиқ жараёнларни эътибор билан ўргандилар.
Қирғизистон делегациясидан ўрин олган тадбиркорлар “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси корхоналари билан ҳамкорлик қилиш борасида дастлабки келишувларга эришдилар.