Маълумот учун: Турк дунёси шаҳарлари иттифоқи (TDBB) 2003 йил 12 ноябрда умумий географик, тарихий ва маданий қадриятларга эга бўлган туркий тилли мамлакатлар шаҳарлари ва вилоятлари билан фаолият олиб бориш мақсадида ташкил этилган. Бу ҳақдаги қарор 2000 йилда Озарбайжонда бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар саммитида қабул қилинган. Иттифоқнинг бош қароргоҳи Истанбулда жойлашган. TDBB 30 мамлакатдан 1 200 аъзо-шаҳар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича дастур ва лойиҳаларни амалга оширади.
Қурултойда Иттифоққа аъзо мамлакатлар вакиллари туркийзабон давлатлар шаҳарлари ўртасида инвестиция, инфратузилмавий ва маданий ривожланиш йўналишларида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш жиҳатларини муҳокама қилди. Бир қатор ҳокимлар ўзлари фаолият юритаётган ҳудудлар фаровонлигини ошириш, туркий тилли мамлакатлар ва минтақаларда шаҳар бошқаруви фаолиятини кучайтириш бўйича ўз тажрибаси ва ёндашувларини тақдим этди.
Қурултой доирасида Турк дунёси шаҳарлари бирлиги иттифоқи Директорлар кенгашининг янги таркиби тузилди. Унга Ўзбекистондан Қўқон шаҳар ҳокими Маъруф Усмонов ҳам уч йил муддатга сайланди. Бу Иттифоқда маҳаллий ҳокимият органлари манфаатларини ифодалаш, Ўзбекистон ва Иттифоқ ўртасида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарияти даражасида устувор йўналишлар бўйича келгуси ҳамкорликни кучайтириш имконини беради. Бундан ташқари, 27—30 сентябрь кунлари Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Олтой ҳамжамиятларининг 10-халқаро симпозиумига тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама этилди.
2022 йил 11-12 июнь кунлари Туркиянинг Бурса шаҳрида маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органларининг халқаро конференцияси бўлиб ўтади. Маҳаллий ҳокимият вакиллари – TDBB аъзолари битта майдонга йиғилиб, маҳаллий бошқарув соҳасида эришилган ютуқларни муҳокама этади. Анжуманда Ўзбекистон делегацияси аъзоларининг чиқишлари ҳам ўрин олган, деб хабар беради «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати.