ЮНЕСКОнинг Медиа ва ахборот саводхонлиги бўйича Глобал альянси медиа ва ахборот саводхонлигини ривожлантириш соҳасида тажриба, билим ва амалий ёндашувларни алмашиш учун муҳим халқаро платформа ҳисобланади.

Альянс давлат тузилмалари, таълим ва илмий муассасалар, кутубхоналар, музейлар, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти ташкилотлари, ёшлар бирлашмалари ва бошқа манфаатдор томонларни бирлаштириб, рақамли кўникмаларни, ахборот билан ишлаш маданиятини ривожлантиришга ҳамда замонавий таълим ва маърифий ресурсларга кириш имкониятларини кенгайтиришга кўмаклашади.

ЮНЕСКОнинг расмий хатида Қўқон шаҳрининг ЮНЕСКОнинг Медиа ва ахборот саводхонлиги бўйича Глобал альянсида рўйхатдан ўтгани тасдиқланган ва шаҳарнинг ушбу халқаро платформадаги иштироки қутланган.

Ушбу қарор Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз шаҳарларининг халқаро алоқаларини кенгайтириш, уларнинг маданий-маърифий салоҳиятини илгари суриш, инсон капиталини, рақамли кўникмаларни ривожлантириш, ёшлар сиёсати, таълим ва маърифат соҳаларини такомиллаштириш бўйича берган топшириқлари ижроси юзасидан амалга оширилган изчил ишларнинг амалий натижаси бўлди.

Шаҳарнинг Альянсдаги иштироки халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, хорижий шаҳарлар ва экспертлар ҳамжамияти билан тажриба алмашиш, ЮНЕСКОнинг соҳавий услубий материалларидан фойдаланиш, шунингдек, медиа ва ахборот саводхонлиги соҳасидаги маҳаллий ташаббусларни илгари суриш учун қўшимча имкониятлар очади.

Шу муносабат билан Қўқон танқидий фикрлаш, рақамли маданият, ахборотга масъулиятли муносабатда бўлиш ҳамда фуқароларнинг, энг аввало, ёшларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини ривожлантиришга қаратилган маърифий, интерактив ва маданий тадбирларни амалга оширишда ўзининг бой тарихий-маданий, таълимий ва жамоатчилик салоҳиятидан самарали фойдаланиши мумкин.

Қўқоннинг ЮНЕСКОнинг Медиа ва ахборот саводхонлиги бўйича Глобал альянсига қўшилиши, шунингдек, шаҳарни халқаро MIL Cities ҳаракатининг фаол иштирокчилари қаторида позициялаш ҳамда коммуникация, ахборот, таълим, маданият ва шаҳарларнинг барқарор ривожланиши соҳаларида ЮНЕСКО билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун мустаҳкам замин яратади.