Тармоқ ривожининг асосий омили дунё миқёсида қўй жунига бўлган талаб юқори экани билан белгиланади. Бу бежиз эмас, зеро ушбу хомашёнинг қатор фойдали хусусиятлари борки, инсон танасига хос табиий ҳароратни ушлаб туриш, бактерияларни йўқ қилиш, яллиғланишни тузатиш кабилар шулар жумласидан. Чунончи, жундан тўқилган мато инсон танасидан чиқаётган терни ўзига сингдиради, лекин қуруқлигича қолади. Унда сақланган ланолин моддаси эса кўплаб касалликларга шифо ҳисобланади.
Ана шундай сердаромад соҳа юртимизда йўқ бўлиб кетиш ёқасига келиб қолган эди. Чўпонларимиз қирқилган жунни сотиш у ёқда турсин, утилизация қилишга ҳам жой тополмасди. Аслида, жун ишлаб чиқариш қоракўлчиликда энг даромадли ва истиқболли йўналишлардан бири. Шу жиҳатлар эътиборга олиниб, сўнгги йилларда соҳани тубдан ислоҳ қилишга киришилди.
Президентимизнинг 2020 йил 2 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида пиллачилик ва қоракўлчиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва “Ўзбекистон Республикаси Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинганидан сўнг вазият тубдан ўзгарди. Йиллар давомида эътиборсиз қолган қоракўлчилик соҳаси қайта тикланди. Қирқим мавсумини уюшқоқлик билан ўтказишга Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу жиҳатдан 2021 йил баҳорги қирқим мавсуми қамрови, сифати ва уюшқоқлиги жиҳатидан кейинги 30 йил мобайнида мисли кўрилмаган кўлам касб этди. Юртимизда ҳаво ҳарорати, қўйлардаги тивит қатламининг кўтарилишидан келиб чиқиб, қирқим мавсуми 15 апрелдан 15 майгача ўтказилиши белгиланди. Мавсум давомида 9 минг тонна жун хомашёси тайёрлаш режалаштирилган. Кооперация асосида кластерларга бирлаштирилган хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 4,2 минг тонна, аҳоли хонадонларида боқилаётган қўйлардан 4,7 минг тонна жун хомашёси олинади.
Баҳорги қирқим – жуда аҳамиятли давр. Чунки энг сифатли, узун, пишиқ ва сердаромад жун айнан шу пайт олинади. Мавсум кўнгилдагидек ўтиши учун бир неча ой пухта тайёргарлик кўрилди. Жумладан, жойларга замонавий асбоб-ускуналар етказиб берилди, қирқимхоналар жиҳозланди. Эндиликда қўйларнинг қирқишдан олдин чўмилтирилаётгани хомашё сифатини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Бандлик – қирқим жараёнининг яна бир муҳим жиҳати. Кластерлар қирқимга асосан ёшларни жалб қиляпти, бу эса юзлаб ёшлар иш ўрнига эга бўлаётганини англатади. Шу кунларда кластерларда қирқиб олинган қоракўл қўйлари жуни мамлакатимиздаги 13 та қайта ишлаш корхонасига етказиб берилмоқда. Шуниси эътиборлики, биргина май ойида ушбу қувватлар яна 6 тага кўпайиб, заводлар сони 19 тага етказилади.
Ушбу корхоналарга келтирилган қўй жуни бирламчи қайта ишланиб, ювиб-тараб, прессланади ва экспортга тайёр ҳолга келтирилади. Айни пайтда жун хомашёси асосан Хитой, Россия ва Афғонистонга сотилмоқда.
Бу борада хорижий давлатлардаги талаб ва таклиф ўрганилиб, экспорт географиясини кенгайтириш устида иш олиб борилмоқда. Хусусан, Туркия, Қатар каби мамлакатларга жун, кигиз, Швеция ва бир қатор Европа давлатларига калава ип сотиш имконияти кўриб чиқилмоқда.
Ҳозирда Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Андижон вилоятларида жун хомашёсини тўлиқ қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш корхоналари ишга туширилган.
Сўнгги йилларда соҳада амалга оширилаётган туб ислоҳотлар иқтисодиётимизнинг турли тармоқлари, жумладан, қоракўлчилик ривожига рағбат бериб, юрт равнақи, эл фаровонлигига хизмат қилмоқда.
Беҳзод ЮСУПОВ,
Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари