Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, шу йилнинг 11 январь куни Бухоро вилояти Қоракўл туманида жойлашган ўқув марказларидан бирида таҳсил олаётган 20 нафар абитуриентнинг саломатлиги ёмонлашгани ҳақида тез тиббий ёрдам хизматига хабар келиб тушди.
Абитуриентлар зудлик билан туман тиббиёт бирлашмасига олиб келиниб, тиббий кўрикдан ўтказилди. Вилоят ҳокимининг топшириғига кўра, соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Элёр Олтиев иштирокида ишчи гуруҳ тузилиб, ҳодиса жойига чиқилди.
Беморлар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тасдиқланган стандартлари асосида лаборатор ва инструментал текширувлардан, жумладан, ультратовуш ҳамда рентген кўрикларидан ўтказилди.
Дастлабки ташхисга кўра, уларда номаълум модда таъсирига боғлиқ заҳарланиш белгилари қайд этилган.
Кўрилган тиббий чора-тадбирлар натижасида барча 20 нафар абитуриентнинг аҳволи яхшиланиб, улар амбулатор тартибда даволаниш учун уйига жавоб берилди. Ҳар бир беморга ҳудудий оилавий шифокор ва патронаж ҳамшираси бириктирилган. Айни пайтда уларнинг аҳволи қониқарли, шикоятлари мавжуд эмас.
Беморлардан олинган қон намуналари белгиланган тартибда экспертизага юборилган. Текширув натижаларига кўра қўшимча маълумот тақдим этилиши маълум қилинди.