«Ўзбектелеком» АК Қорақалпоғистон Республикаси филиали томонидан Нукус шаҳри марказидан 98 километр, туман марказидан 8 километр узоқликда жойлашган Қораўзак тумани «Маданият» ОФЙ ҳудудида яшайдиган аҳолига телекоммуникация хизматларини кўрсатиш мақсадида 1 минг 24 абонентга мўлжалланган OLT қурилмаси ўрнатилди.
«Маданият» ОФЙ ҳудудидаги умумтаълим мактаб ва болалар боғчасига қадар 11,4 километр узоқликдаги оптик кабеллар ётқизилди. Ҳозирги кунда Қораўзак туман телекоммуникация тармоғи ходимлари томонидан 7,3 километр узунликдаги оптик толали алоқа линияси ҳамда 13 километр абонент симлари ўтказилиб, 178 дан ортиқ хонадон GPON технологияси асосида Интернет тармоғига уланди.
Шунингдек, ушбу туманнинг марказидан 20 километр узоқликда жойлашган Қораўзак тумани «А. Досназаров» ОФЙ ҳудудида яшовчи аҳолига ҳам телекоммуникация хизматларини кўрсатиш мақсадида 1 минг 24 абонентга мўлжалланган OLT қурилмаси ўрнатилди.
Айни кунларда туман телекоммуникация тармоғи ходимлари томонидан аҳолини телекоммуникация хизматларига улаш ишлари давом эттириляпти, деб хабар беради Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати.