Хусусан, Нукус шаҳар “Чимбой гузари” ва “Жана базар” МФЙ ҳудудларида ҳар бири 660 ўринли янги мактаб бинолари қуриладиган бўлди. 2 навбатдан юқори умумтаълим мактабларига қўшимча ўқув биноси қуриш билан бирга, Хўжайли туманидаги 3-сонли ақли заиф болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатига 150 ўринли ётоқхона ҳамда 6-сонли сколиоз болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг ўқув биносини таъмирлаш, қўшимча 96 ўринли ўқув биноси, 75 ўринли ётоқхона ва сузиш хавзаси (бассейн) қуриш бўйича ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига таклифлар киритилди.
Жорий йилда Нукус шаҳридаги 10-сонли ихтисослаштирилган кўзи ожизлар мактаб-интернати 100 ўринли хом ғиштдан қурилган ўқув биноси ўрнига 220 ўринли қўшимча ўқув биносини қуриш, мавжуд ётоқхона ва ёрдамчи хоналарини таъмирлаш, сунъий қопламали спорт майдони барпо этиш, мебель жиҳозлари, Брайл дисплей техник воситалари билан таъминлаш, Республика "Баркамол авлод" болалар мактаби биносини мукаммал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш амалга оширилиши режалаштирилди.