Комиссия аъзолари корхоналар ва ишлаб чиқариш объектларида бевосита бўлиб, тадбиркорлар билан ишлаб чиқаришнинг ҳозирги ҳолатини ҳамда ички ва ташқи бозорда юқори талаб ва қўшимча қийматга эга бўлган янги маҳсулот турларини яратишни ўзлаштириш орқали корхоналарни кенгайтириш имкониятларини ўргандилар. Шунингдек, улар саноат ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва янги иш ўринларини ташкил этиш учун қўшимча захираларни аниқлаш бўйича ҳам ишларни олиб бордилар.
Шунингдек, Комиссиянинг жойлардаги фаолияти доирасида очиқ мулоқот ташкил этилиб, унда вилоятнинг 150дан ортиқ тадбиркор ва экспортчилари қатнашди. Жами, тадбир давомида 147 тадбиркордан 142 мурожаат келиб тушди. Шулардан 50 масала кредит ресурсларини ва 18 – ер участкалари ажратиш, 14 – тегишли сертификатлар, рухсатнома ва лицензиялар олиш, 8 – саноат объектларини муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш, 4 – илгари берилган кредитларни таркибий ўзгартириш, шунингдек солиқ, божхона тартибга солиш ва бошқа соҳалар билан боғлиқ саволлар кўтарилди.
Кўтарилган барча масалалар Комиссия аъзолари томонидан атрофлича ўрганилиб, ҳар бири бўйича масъул ижрочилар ва аниқ муддатлар белгиланган ҳолда самарали амалий ечимлар ишлаб чиқилди.
Тадбир якунида вазирликлар, идоралар, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарларига ишлаб чиқилган қарорларнинг ижроси юзасидан аниқ кўрсатмалар берилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ва ташқи савдони мониторинг қилиш инспекциясига эса Бош прокуратура билан биргаликда ушбу кўрсатмаларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини назорат қилиш топширилди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.