Мазкур қарорга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамкорлигида Қорақалпоғистон Республикасида иқтисодий ва ижтимоий соҳалар ҳамда тармоқ илмий-тадқиқот муассасалари ўртасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, илмий-интеллектуал ҳамда молиявий ресурсларни тўлиқ сафарбар этган ҳолда илмий-инновацион салоҳиятдан кенг фойдаланишни таъминлаш мақсадида 2021-2025 йилларга мўлжалланган Қорақалпоғистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқилади.
Шунингдек, қарорда Нукус шаҳрида мехатроника, робототехника, дастурлаш, 3Д-прототиплаш ва бошқа йўналишларни ўз ичига олган Ёшлар технопаркини ташкил этиш ишларини жадаллаштириш кўзда тутилган. Ўз навбатида, Қорақалпоғистон Республикаси Ёшлар академиясини ташкил этиш масаласи ҳам қарорда акс этган.
Қарорда юқори малакали кадрларни тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор берилган бўлиб, Қорақалпоғистон Республикаси Олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтларининг 100 нафар ёш олимлари ва тадқиқотчилари учун дунёнинг ривожланган давлатлари илмий-тадқиқот институтлари ва марказларида илмий стажировкалари ташкил этилади. Илмий фаолиятга оид ҳудудий дастурлар доирасида амалий ва инновацион лойиҳалар танловлари ўтказилади. Қорақалпоғистон Республикаси ОТМ ва илмий-тадқиқот институтлари илмий лабораторияларини жиҳозлаш ва уларнинг фаолиятини кучайтириш бўйича 2021 йил май ойига қадар тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқилади.
Эндиликда Қорақалпоғистон Республикасида кичик бизнес ва тадбиркорликни янада ривожлантириш мақсадида стартап лойиҳаларни молиялаштириш бўйича ҳамкорликда танловлар ўтказилади ва танловлар натижалари бўйича ғолиб бўлган лойиҳалар тенг улушда (Инновацион ривожланиш вазирлиги – 50%, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши – 50%) молиялаштирилади.
Яна бир муҳим жиҳат – Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро маркази (ICBA) билан ҳамкорликда аёлларнинг жамиятдаги ролини кучайтириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шу жумладан аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича лойиҳалар амалга оширилади.