Қорақалпоғистон Республикасидаги барча шаҳар ва туманларда 656 та сайлов участкаси тузилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида жами 1 миллион 45 минг 352 сайловчи иштирок этиши кутилмоқда.
Ушбу жараёнга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Мурат Камалов сектор раҳбарлари билан биргаликда Нукус шаҳри “Сарбиноз” маҳалла фуқаролар йиғинидаги транспорт техникуми биносида ташкил этилган 20-сайлов участкасига келиб овоз берди. Мазкур сайлов участкасида 2 минг 219 нафар сайловчи рўйхатга олинган. Шундан 21 нафари биринчи марта овоз бермоқда. Ҳудуддан 26 нафар сайловчи муддатидан олдин овоз берган.
Шунингдек, Нукус туманидаги 385-сайлов участкасида 2352 фуқаро руйхатга олинган.
– Сайлов участкамизда барча шароитлар мужассам. Карантин талабларига риоя қилган ҳолда сайлов участкамиз термометр, пирометр, тиббий ниқоблар, тиббий қўлқоплар, антисептиклар билан таъминланган, – деди 385-сайлов участкаси раиси Бахтияр Сейтниязов. – Шунингдек, 1,5-2 метр масофани сақловчи чизиқлар чизилган. Сайлов қонунчилигига мувофиқ, жорий йилнинг 14-20 октябрь кунлари сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчилар учун муддатидан олдин овоз бериш ўтказилган эди. Олдиндан овоз берганлар сони 13 нафар.
Қорақалпоғистонда 42 минг 587 сайловчи биринчи марта овоз бераётган ёшларни ташкил этади. Ёшларимиз эса ушбу жараённи чуқур англаган ҳолда ўзларининг фаоллигини кўрсатмоқда. 385-сайлов участкасида биринчи марта овоз бераётган Моҳира Шамшетова ва Жанполат Жаксибаевлар ўзларининг конституциявий хуқуқидан тўлиқ фойдаланган ҳолда овоз берди.
– Мен Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети талабасиман. Маҳалламиздаги сайлов участкасига келиб овоз бердим, – деди Ж.Жақсибаев. – Албатта, менинг овозим ўз келажагимни белгилаб беради.
Навбатдаги манзилимиз Нукус шаҳридаги 57-сайлов участкаси бўлди.
– Сиёсий жараёнда иккинчи марта қатнашдим. Мактабда ҳуқуқ фанидан дарс бераман. Албатта, нафақат ўзим, ён атрофимдагиларга ҳам сайловнинг аҳамияти ҳақида ҳар доим тушунтиришга ҳаракат қилиб келмоқдаман, – деди Гулмира Қунназарова. – Ҳар бир фуқаронинг овози катта аҳамият касб этади. Шунинг учун ўз овозимни ўзим танлаган номзод учун бердим.
Муносиб бўлган номзодга овоз бериш, келажакни яратишдир. Сайлов ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда Беруний тумани ҳокими Атабек Сапарбаев ҳам 195-сайлов участкасидан овоз берди. Беруний туманида 58 сайлов участкасида 104 минг сайловчи рўйхатдан ўтган бўлса, шундан бу йилги сайловда биринчи маротаба иштирок этаётган 5020 нафар ёшлар мавжуд. Туманда сайлов жараёнлари қизғин давом этмоқда.
Қорақалпоғистонга Италия, Белгия, Польша, АҚШ, Россия, Қозоғистон ва бошқа давлатлардан ташриф буюрган халқаро кузатувчилар жойларда сайлов жараёнлари билан яқиндан танишиб бормоқда.
– Ўзбекистондаги 2019 йилги сайловларда хам иштирок этганман. Жорий йилги сайлов жараёнини кўздан кечирар эканмиз, олдинги сайловлардан анча фарқ қилишини сездик, – дейди Қозоғистон Республикаси халқаро кузатувчиси Есимхан Бектурғанов. – 42-сайлов участкасида бўлиб, ҳар бир оиладан 4-5 киши алоҳида келиб овоз бераётгани гувоҳи бўлдим. Янгиланаётган Ўзбекистондаги олиб борилаётган ислоҳотларни ҳар бир фуқаро тўғри тушуниб, давлатингизнинг эртанги келажаги учун берфарқ эмаслигини ушбу сайлов жараёнларидан билса бўлади.
Сайлов жараёнларини кузатиш ва ёритиш учун халқаро кузатувчилар ҳамда ОАВ вакиллари Қорақалпоғистон Республикасидаги сайлов участкаларидаги жараёнларни кузатишни давом эттирмоқда.
- Ўзбекистонда 2013 йилги парламент сайловларида иштирок эткан эдим. Бу менинг Ўзбекистонга 7 бор келишим. Парламент ва Президент сайловарида халқаро кузатувчи сифатида қатнашдим, - дейди Франция давлатининг Сарбон университети профессори Жан Антон Дупрот. - Сайлов жараёнлари барча сайлов қонунчилиги ва демократик тамойиллар доирасида олиб борилмоқда.
Шунингдек, овоз бериш жараёнлари Шимолий-ғарбий ҳарбий округга қарашли Нукус гарнизонидаги 1-сонли ҳарбий шаҳарчада жойлашган 62-сайлов участкасида эрта тонгдан бошланди. Ҳарбий оркестр садолари остида Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси давлат мадҳиялари янгради. Ҳарбий округ қўмондони Фарҳоджон Шерматов муносиб номзодга биринчи овоз бериб, сайловни бошлаб берди. Сўнгра контракт бўйича ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, муддатли ҳарбий хизматчилар, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматчилар, ҳарбий шаҳарчада истиқомат қилаётган аҳоли сайлов жараёнларида иштирок эта бошлади.
Сайлов жараёнлари Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси ҳамда қонун ҳужжатларига, шунингдек, карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ўтказилмоқда.
Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири