Буджет кодексининг 26-моддасига асосан маҳаллий буджетларнинг 2022 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботи ташқи аудит ва баҳолашдан ўтказилди. Ташқи аудит ҳамда масофавий тарзда олиб борилган риск-таҳлилларда кузатилган шубҳали ҳолатлар жойига чиққан ҳолда Қорақалпоғистон Республикасида ўрганилди. Бу ҳақда Ҳисоб палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ўрганишда Қорақалпоғистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан асоссиз равишда маблағларни харажатлар сметасини шакллантириш жараёнида бюджет ташкилотларига ажратиб бермасдан марказлаштирган ҳолда жамлаб, кейинчалик бошқа йўналишларга қайта тақсимлангани аниқланган.

Шунингдек, ўтказилган ўрганишда марказлаштирилган маблағлардан танлов асосида 102 миллиард сўмнинг сарфланиши текширилганда 14,2 миллиард сўмлик молиявий хато ва камчиликлар борлиги аниқланган. Жумладан, 71,2 миллиард сўмлик қурилиш ва таъмирлаш ишларини бажаришда 7,5 миллиард сўмлик асоссиз ортиқча маблағлар олинган ҳамда сифатсиз ишлар бажарилган бўлса, 30,8 миллиард сўмлик асосий воситалар ва товар-моддий бойликлар 6,7 миллиард сўмга қиммат нархларда харид қилинган.

Ҳисоб палатаси хабарида билдирилишича, аниқланган ҳолатлар юзасидан масъулларга қонунчиликда белгиланган чораларни кўриш ва келгусида йўл қўйилмаслиги юзасидан тегишли тадбирларни амалга ошириш бўйича Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига кўрсатма юборилди.

Шунингдек, ўрганиш юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратурага тақдим этилди.