Сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган овоз берувчи фуқаролар муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга. Сайлов участкасида муддатидан олдин овоз бериш вақти иш кунлари соат 9:00 дан соат 18:00 га қадар олиб борилса, дам олиш ва байрам кунлари соат 11:00 дан соат 17:00 га қадар амалга оширилади.
Нукус шаҳридаги 28-сайлов участкасида 2165 фуқаро овоз бериши учун барча шарт-шароитлар яратилган. Бу участкада 28 нафар ёш биринчи марта овоз беради. Юсуповлар оиласи ёзги таътилга чиқиши муносабати билан сайловдан олдин овоз бериш учун сайлов участкасига келди.
– Биз 9 июль – сайлов куни оила аъзоларимиз билан дам олишда бўламиз, – дейди Султанбек Юсупов. – Шунинг учун бугун турмуш ўртоғим билан бирга сайлов участкасига келиб, муддатидан олдин овоз бердик.
Нукус шаҳри Шимбай шайхана маҳалласидаги 12-сайлов участкасида эса жами 2641 сайловчи рўйхатга олинган. Улардан 22 фуқаро сайловда илк бор ўз танлови билан иштирок этади.
– Сайлов участкасида барча шарт-шароитлар яратилган экан. Ёз мавсуми бўлгани боис кимдир дам олишга, кимдир хизмат сафарига кетади, – дейди Мариника Бабаназарова. – Мен ҳам хизмат сафарига кетишим сабабли ўзим танлаган номзодга муддатидан олдин овоз бердим.
Маълумот учун айтиш жоиз, 1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссияси ҳудудида 654 сайлов участкаси тузилган бўлиб, мазкур сайлов участкаларига эл ичида обрўга эга 6266 комиссия аъзоси тасдиқланган. Уларнинг 50,9 фоизи хотин-қизлардан иборат. Комиссия аъзолари қорақалпоқ, ўзбек, рус, туркман ва бошқа миллат вакилларини ташкил этади.
Республикамизнинг барча сайлов участкаларида олдиндан овоз бериш жараёнлари давом этмоқда.
Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири