Учрашувда Совон университети ректори Сон Сок Мин, ректор ўринбосари Чон Хинг Су ва бошқалар иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Музокаралар давомида мазкур университетнинг Қорақалпоғистонда қишлоқ хўжалиги бўйича филиалини ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Ярим асрликдан ортиқ тарихга эга бўлган Совон университети Жанубий Корея олий таълим муассасалари орасида юқори ўринларда қайд этилади.
Айниқса, қишлоқ хўжалиги ва ахборот технологияларини бирлаштириш орқали «Ақлли ферма» йўналишида факультет ташкил этиш катта қизиқишга уйғотаётгани қайд этилди.
— Университетимиз Вьетнам, Комбоджа каби давлатларда таълим бўйича турли акцияларда иштирок этиб келмоқда, — деди университет ректори Сон Сок Мин. — Талабаларнинг чет эл таълимига бўлган қизиқиши жуда юқори. Шу сабабли Ўзбекистон билан алмашув дастурлари доирасида ҳамкорлик қилиш биз учун муҳим имкониятдир.
Жанубий Корея - Ўзбекистон бизнес ассоциацияси раисининг биринчи ўринбосари Ким Чанг Гон қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари, мактабгача таълим, корейс тили йўналишларини ўз ичига олган унверситет филиалини ташкил этиш орқали мамлакатнинг илғор таълим тизими ва мукаммал ноу-хау лойиҳаларини илгари суриш аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Муҳокама якунида томонлар Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси ва республиканинг мутасадди идоралари вакиллари иштирокида видеоконференция ўтказиш бўйича келишувга эришди. Унда ҳамкорликда амалга ошириладиган ишларни ўз ичига оладиган англашув меморандумини имзолаш, лойиҳани ҳаётга изчил тадбиқ этишга оид масалалар муҳокама қилиниши режалаштирилди.