Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, Полигон ҳудудига киришдаёқ терговчиларни йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган ҳолатни акс эттирувчи махсус майдон қарши олади.
Унда шикастланган автомобиль, йўл чизиқлари, светофор, чорраҳа ва бошқа деталлар жойлаштирилган бўлиб, ҳақиқий воқеага яқин муҳит яратилади. Бу эса ҳодиса жойини кўздан кечириш бўйича амалий кўникмаларни шакллантиришга хизмат қилади.
Бино ичида тергов соҳасида юксак натижаларга эришган устоз ходимларнинг фотосуратлари жойлаштирилган. Шунингдек, “Кучли терговчининг 7 қоидаси” акс эттирилган бўлиб, бу касбнинг масъулияти ва шарафини ёдга солиб туради.
Тергов полигонида жами 15 та ўқув хонаси мавжуд. Улар орасида махсус тергов хонаси, қотиллик жиноятлари, жинсий эркинликка қарши жиноятлар, дори воситаларини истеъмол қилиш орқали ўз жонига суиқасд қилиш ёки ўзини осиш ҳолатлари бўйича ҳодиса жойини ўрганиш хоналари, ўқотар ва совуқ қуроллар билан ишлаш, террористик ва қўпорувчилик жиноятлари бўйича ҳодиса жойи ҳамда электрон далиллар билан ишлаш хоналари ташкил этилган.
Мазкур ўқув хоналари терговчиларнинг амалий тажрибасини ошириш, турли вазиятларни моделлаштириш ва касбий кўникмаларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Мутахассислар таъкидлашича, “Tergov poligoni” имкониятларидан самарали фойдаланиш келгусида тергов сифатини янада юқори босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.