У «Қудратли Ўзбекистоннинг ўтмиши ва келажаги буюк» шиори остида яккалик веломарафон ўтказиш ташаббусини илгари сурган ва ушбу ташаббус тўлиқ қўллаб-қувватланганди.
Шу улуғ кунларда Равшан Яқшимуратов пойтахтимиз Тошкентга етиб келди. Уни Тошкент шаҳрига кираверишда Туризм ва спорт вазирлиги масъул ходимлари кутиб олишди.
Велосаёҳатчини Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – туризм ва спорт вазири Азиз Абдухакимов қабул қилди. Учрашувда Р.Яқшимуратов бошлаган хайрли ташаббуснинг аҳамияти, унинг туризм ва спорт соҳалари ривожи, айниқса ички туризмни оммалаштириш борасидаги ўрни муҳим эканлиги таъкидланиб, юртдошимизга вазирлик томонидан янги, замонавий велосипед совға қилинди.
Равшан Яқшимуратов самимий қабул ва эътибор учун миннатдорлик билдирар экан, яқин орада нафақат юртимиз, балки Марказий Осиё давлатлари бўйлаб «Дўстлик» веломарафонини уюштириш мақсади борлигини, бу орқали ўзбек, қозоқ, қирғиз, тожик ва туркман халқлари ўртасида дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлашни тарғиб қилишга ўз ҳиссасини қўшиш ниятида эканлигини билдирди.
Ўз навбатида А.Абдуҳакимов ушбу ғояни қўллаб-қувватлаган ҳолда Туризм ва спорт вазирлиги велосаёҳатчига амалий ёрдам беришга тайёр эканлиги, давлатлараро ўтиш, виза ва бошқа ташкилий масалаларда вазирликнинг масъул ходимларига бемалол мурожаат қилиши мумкинлигини таъкидлади.