Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг 2-бандида мамлакатимизда аҳолининг турли қатлами, жумладан ёшлар ўртасида оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилишда спортнинг юриш, югуриш, мини-футбол, велоспорт, бадминтон, стритбол, «Воркоут» (кўча фитнеси) йўналишлари устувор этиб белгиланган.
Халқимизнинг энг улуғ ва энг азиз байрами – мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида доимий яшовчи юртдошимиз Равшан Яқшимуратов ёлғиз ўзи велосипедда Берунийдан Тошкент шаҳрига қараб йўлга чиқди. У “Қудратли Ўзбекистоннинг ўтмиши ва келажаги буюк” шиори остида яккалик веломарафон ўтказиш ташаббусини илгари сурди ва бу ташаббус тўлиқ қўллаб-қувватланди.
Мазкур веломарафонга Беруний туманида жойлашган Пил қалъа тарихий ёдгорлиги олдидан старт берилди. Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Aдилбек Aлланазаров, шунингдек, Беруний тумани туризм ва спорт бўлими, маҳаллий нуронийлар, ёш авлод вакиллари ва спорт фаоллари иштирок этишди. Йиғилганлар Р.Яқшимуратовга оқ йўл тилаб, дуога қўл очишди.
Таъкидлаш лозим, Р.Яқшимуратов Қорақалпоғистон Республикасидан йўлга чиқиб, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари орқали ўтган ҳолда истиқлол айёми кенг нишонланаётган улуғ кунларда мамлакатимизнинг бош кенти – Тошкентга етиб келишни режалаштирган.
Туризм ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати