ТошДУ десам, ҳамон тушади эсга,
Менинг йигит вақтим, сенинг қиз вақтинг…
Сенга яна қайтиб озор бермасга,
Бел боғлаб, жонимни ўтларга ёқдим.

Қорақалпоқ элининг азим чинори, устоз шоир қаламига мансуб шундай ўтли шеърлар куни кеча Нукус шаҳрининг Ибройим Юсупов номидаги ижод мактабида ўтказилган тадбирда кўп бора тилга олинди.

Замонавий кўринишда қад ростлаган мазкур мактаб бугунги кунда мамлакатимизда фаолият юритаётган ижод мактаблари сафида ўқувчиларининг илму закоси билан ўз ўрнига эга бўлиб келмоқда. Куни кеча мазкур таълим даргоҳига бўлган ижодий сафар таассуротлари ҳам фикримизни далиллайди.

Сафар чоғида устоз ижодкорлар, шоир ва ёзувчилар Усмон Азим, Рустам Мусурмон, Бахтиёр Генжамурод, Қўчқор Норқобил, Алланазар Абдиев, Ғайрат Мажид иштирокида ижод мактабида адабий учрашувлар, мушоиралар ташкил этилди.

– Мен кўп учрашувларда бўламан, лекин ижод мактабидаги давраларда қатнашиш камина учун бир қадар ёқимли, ҳузурли, – деди Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим ўз сўзида. – Чунки сиз адабиётнинг чин маънодаги мухлиси, шайдосисиз. Шеър айтсак тушунадиган, гап берсак англайдиган аудиторияларда сўзлаш биз ижодкорларга ҳамиша руҳ беради. Бу йўлда сиз ёшларга тинимсиз меҳнат, мутолаа ёр бўлсин.

Учрашув давомида меҳмонлар ёруғ ва шинам мактабдаги шароитлар, ёш қаламкашларга яратилган имкониятлар билан яқиндан танишди. Тадбир якунида таълим масканига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг бадиий китоблари совға қилинди.

Наргиза Асадова,

шоира