Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари солиқ юки ва қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) 3 фоиз пунктгача тушириладиган бўлса, бу иқтисодиётга қандай таъсир этишини таҳлил қилди.
Таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида солиқ юки 8,5%, қишлоқ хўжалигида салкам 5% бўлса, қурилиш ва телекоммуникация хизматлари йўналишида – 79%, чакана ва улгуржи савдода 59%, саноатда 43% ни ташкил этган. Бу иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва соҳалари учун бир хил шароит яратилишини , рақобат тамойилларининг амал қилиш доирасини чеклайди, деб ёзади (ПМТИ) экспертлари.
Умуман олганда, иқтисодиёт бўйича тармоқлараро ўртача нисбий ставка 24% ни ташкил этди. Бу ҚҚС нинг ҳозирги 15% ли номинал ставкаси шароитида, ҳақиқий ставка 3,6% ни ташкил этишини англатади. (15% * 0,24 = 3,6%).
Солиқ юкининг энг юқори даражаси нархларнинг ўзгариши ва ишлаб чиқаришнинг бошқа шароитларидан қатъий назар уларга барқарор талаб мавжуд бўлган тармоқлар (қурилиш, савдо-сотиқ, айрим хизмат кўрсатиш турлари)га хос.
Уларнинг ҳиссасига иқтисодиёт бўйича ишлаб чиқаришнинг (ЯИМ ва ишлаб чиқариш ҳажми бўйича) атиги 15%и, ишчиларнинг 14%и тўғри келади. Ушбу гуруҳнинг ўзига хос хусусияти ташқи муҳитга энг кам боғлиқлик даражасидир.
Солиқ юкининг ўртача даражаси қазиб олиш ва қайта ишлаш саноати учун характерлидир. Ушбу тармоқларга иқтисодиётда ЯИМнинг ¼ қисми тўғри келади. Мазкур тармоқлар жаҳон иқтисодиёти билан энг кўп боғлиқ бўлган тармоқлардир. Чунки оралиқ импортнинг 83% дан ортиғи ва умумий экспорт ҳажмининг 2/3 қисмидан кўпроғи уларнинг улушига тўғри келади. Юқори солиқ юки саноат маҳсулотлари экспортининг ўсишини чеклайди. Чунки ушбу тармоқлар учун ҚҚСнинг амалдаги юқори ставкаси тармоқ маҳсулотлари нархларининг ошиши ва рақобатбардошлигининг пасайишига олиб келади.
Тадқиқот давомида қуйидаги жиҳатлар аниқланди:
ҚҚС товарлар/хизматлар нархига киритилганлиги сабабли ҚҚС номинал ставкасининг 15% дан 12% гача туширилиши иқтисодиётнинг реал секторида нархларнинг пасайишига олиб келади.
“Харажатлар-ишлаб чиқариш” нарх моделидан фойдаланган ҳолда амалга оширилган ҳисоб-китобларга кўра, бундай пасайиш 0,81% ни ташкил этади, деб баҳоланмоқда.
Нархларнинг пасайишига қайта ишлаш саноати (39%), қурилиш (14%) ва улгуржи ва чакана савдо (10%) тармоқлари энг катта ҳисса қўшади, яъни ушбу учта тармоқ улушига умумий нархлар пасайишнинг деярли 2/3 қисми тўғри келади (0,8% дан)
Шу нуқтайи назардан, амалдаги ва номинал ставкалар ўртасидаги тафовутни қисқартириш, шунингдек, стандарт оғиш бўйича 22,8% ни ташкил этган амалдаги ставкаларнинг тармоқлараро ўртача кўрсаткичини (24%) камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар нисбатан истиқболли бўлиши мумкин. Бу эса ҚҚС бўйича стандарт ставкаси пасайган тақдирда ҳам солиқ тушумларининг ўсишини таъминлайди.