Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ва республика ички ишлар вазирлиги йўл ҳаракати ҳавфсизлиги бош бошқармаси ҳамкорлигидаги тадбирлар режасига кўра, ҳар хафтанинг пайшанба кунлари “Ўзагроинспекция”нинг ҳудудий бошқарма ва туманлар бўлимлари томонидан қўшма рейд тадбирлари ўтказилмоқда.

Шу мақсадда инспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан жорий йилнинг ноябрь ойининг ўтган даври давомида ички ишлар бошқармаси ЙҲХБ билан ҳамкорликда ўтказилган қўшма рейд тадбирлари натижасида 56 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг МЖтКнинг тегишли моддаларига асосан таъсирчан чоралар қўлланилди.

Шунингдек, жорий йилнинг январь-октябрь ойлари давомида ўтказилган қўшма рейд тадбирларида қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларидан фойдаланиш юзасидан 307 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, ҳуқуқбазарларга нисбатан чора кўрилди.

—  Бундан ташқари, жорий йилнинг 11 ноябрь куни ўтказилган қўшма рейд давомида вилоят миқёсида 33 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, уларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди, — дейди “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси инспектори Санжар Қурбонов. — Хусусан, Агроинспекциянинг вилоят бошқармаси томонидан Самарқанд тумани худудида назорат тадбирлари ўтказилди. Тадбир давомида фуқаро С.Д. бошқариб келаётган “ZL30B-3” русумли фронтал юклагич ўрганилганда, ушбу техника тегишли ҳужжатларсиз бошқариб келинаётганлиги аниқланди. Фуқаро И.Б. бошқариб келаётган “МТЗ-80” русумли трактор ўрганилганда, ушбу тракторга уланган тиркама тегишли ҳужжатларсиз фойдаланиб келинаётганлиги маълум бўлди.

Юқоридаги сингари ҳуқуқбузарлик ҳолатлари асосида маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, Ўзбекистон Республикасининг МЖтКнинг тегишли моддаларига асосан ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилди.

“Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят

бошқармаси матбуот хизмати.