Учрашувда асосий эътибор икки давлат ташкилотлари ўртасида чарм- пойабзал соҳасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва мамлакатларимиз тадбиркорлари учун бизнес фаолиятни самарали юритишида амалий кўмак кўрсатишга қаратилди.
Маълумот ўрнида қайд этиш керак, Атамекен Олма-ота 2013 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда 1 000 дан ортиқ корхоналар ушбу ташкилотга аъзо саналади. Олма-ота шаҳридаги барча турдаги тадбиркорлик субъектларига ҳуқуқий кўмак кўрсатиб келади.
Мулоқот аввалида Қозоғистон томонига мамлакатимиздаги ишбилармонлик муҳити, хорижий ва маҳаллий инвесторларга яратиб берилаётган шароитлар, божхона, солиқ имтиёзлари, соҳага оид Президент қарорлари, норматив ҳужжатлар, ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳияти тўғрисида батафсил маълумот тақдим этилди.
Бизнес учрашув чоғида Қозоғистонлик тадбиркорлар мамлакатимиз корхоналари билан кластерлар ташкил этиш, инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш, мўйначилик соҳасидаги янги лойиҳаларни биргаликда ташкил этиш, улгуржи савдо масалалари бўйича ўз ташаббусларини илгари сурди.
Хусусан, Олма-оталик тадбиркор шаҳардаги мавжуд саноат зонасида чарм-пойабзал маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича кластер ташкил этишга қизиқиш билдирди. Бу лойиҳани амалга оширишда Ўзбекистоннинг катта тажрибасидан фойдаланиш ниятида эканлигини билдирди. Шунингдек мазкур кластер лойиҳасини Ўзбекистонлик тадбиркорлар билан ҳамкорликда амалга ошириш бўйича ташаббус билдирди. Мулоқотда мамлакатимиз корхоналари бу лойиҳани ўрганиб чиқишни ва истиқболли лойиҳани бирга амалга оширишга тайёр эканликларини билдирди.
Ана шундай йирик лойиҳалардан яна бири мўйначилик соҳасида амалга оширилиши кутиляпти. Қозоғистон енгил саноат корхоналари уюшмаси президенти айни йўналишда Ўзбекистон билан лойиҳани амалга оширишга, шунингдек, аутсорсинг асосида мўйнали толаларни ишлаб чиқариш бўйича таклифларини билдирди.
Шунингдек Қозоғистон томони улгуржи савдо ва ретейлерлар билан ҳамкорлик қилиш бўйича ўзбек тадбиркорларига қатор таклифларни билдирди. Бундан ташқари Олма-ота шаҳрида савдо уйини очиш бўйича фикр алмашилди.
Икки давлат ўртасидаги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича жорий йилнинг кузида Тошкентда бўлиб ўтадиган «UzCharmExpo-2022» 13-халқаро кўргазмаси доирасида икки давлат чарм-пойабзал соҳасидаги тадбиркорлар иштирокида Ўзбек-Қозоқ бизнес форумини ўтказишга келишиб олинди.
Атамекен Олма-ота палатаси ва унга аъзо корхоналардан иборат делегациянинг кузги кўргазмада иштироки бўйича келишувга эришилди, деб хабар беради «Ўзчармсаноат» уюшмаси матбуот хизмати.