Яшил молия маркази номидан «Астана» Халқаро молия маркази маъмуриятининг бошқарувчи директори Айдар Казибаев иштирок этди. Меҳмонни Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Хотамбек Шакиров бошчилигидаги жамоа кутиб олди.
Иккала тараф ҳам экологик соҳадаги таҳдидлардан хавотирда эканлигини ва иқлим ўзгариши оқибатларини камайтиришга қаратилган экологик, ижтимоий, энергетик ва инвестицион лойиҳаларда иштирок этиш ниятини билдирди.
Айдар Казибаев ҳамкорликнинг турли имкониятларига тўхталиб, мисол тариқасида инвесторларни жалб қилиши мумкин бўлган «яшил облигациялар» ҳақида сўз юритди. Ўз навбатида Хотамбек Шакиров шаҳарнинг ушбу соҳадан манфаатдорлигини таъкидлаб, УЖКХ ва «Махсустранс» ДУК билан биргаликда «яшил инвестициялар» учун энг истиқболли лойиҳаларни танлаб олишни таклиф қилди.
Тарафлар Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан Яшил молия маркази ўртасидаги лойиҳалар истиқболлари ва ҳамкорлик шаклларини аниқлаш учун ишчи муносабатларни давом эттиришга келишиб олдилар, деб хабар беради Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.
Маълумот учун
Яшил молия маркази – барқарор ривожланиш соҳасида инвестицион фаолият тизимини ривожлантириш институти бўлиб, муниципалитетлар ва бошқа давлат органларига барқарор ривожланиш лойиҳаларига бюджетдан ташқари маблағларни жалб қилишда кўмаклашади.