Бу ҳақда «Казинформ» ХИА (халқаро информацион агентлик) Туркистон вилояти минтақавий алоқа хизматига таяниб хабар берди.
Учрашув давомида экология, геология ва табиий ресурслар вазири М.Мирзагалиев ва Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Ш.Ҳамроев икки мамлакат ўртасида сув соҳасида ҳамкорлик бўйича йўл харитасини имзоладилар.
— Туркистон вилояти вегетация даврида экинларни суғориш учун сувга жуда муҳтож. Жорий йилда Сирдарё дарёсида вазият унчалик яхши бўлмади. Сув танқислиги юзага келди. Шу боис Туркистон вилояти ҳокимлиги делегацияси ва экология, геология ва табиий ресурслар вазири Магзум Мирзагалиев музокаралар олиб бориш ва бир қатор масалаларни ҳал қилиш учун Тошкентга ташриф буюришди. Музокаралар конструктив ва самарали бўлганини таъкидлайман», — деди Туркистон вилояти ҳокими Умирзоқ Шукиев Қозоғистон оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида.
Қозоғистон делегацияси ташрифи чоғида бир қатор масалалар ижобий ҳал этилди. Аввало, бу сув ресурсларини тақсимлаш бўйича «Йўл харитаси» нинг имзоланишида яққол намоёндир. Бундан ташқари, ҳар икки томон манфаати учун муҳим аҳамиятга эга иккинчи масала ҳал этилди. Бу «Дўстлик» халқаро канали орқали Туркистон вилоятига суғориш сувини узлуксиз етказиб бериш тўғрисида келишувга эришилганидир. Бугундан бошлаб июль ойининг охирига қадар канал орқали секундига 80 кубометр сув минтақага етказиб берилади. Ва бу жуда яхши натижа. Август ойида бу рақам секундига 70 кубометрни ташкил қилади. “500 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган жанубий туманлар учун бу энг муҳим масалалардан бири саналади. Сув масалаларидан ташқари, биз қўшниларимиз билан яна иккита йўналишда ҳамкорлик қила бошладик. Биз Кентау ва Туркистонда йирик тўқимачилик фабрикаларини қуриш ҳақида музокара олиб боряпмиз. Ушбу корхоналарнинг ишга туширилиши минглаб иш ўринларининг яратилишига олиб келади.
Яна бир йўналиш — Ўзбекистон тажрибасини қўллаган ҳолда Туркистон атрофида чўл, қумли ва шўрланган ерларга саксовул ва буталарни экиш, шунингдек, Наманган вилояти фермерлари тажрибасидан фойдаланган ҳолда мевали боғлар ташкил этишга келишилди. Туркистон вилоятидан келган уч гуруҳдаги ишчилар бу ерда фаолият олиб боришяпти. Улар ҳадемай Наманган ва Қорақалпоғистонга йўл олишади. Биз ушбу лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдормиз. Ўз навбатида, самарали учрашув учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорчилик билдирмоқчиман. Эслатиб ўтаман, барча музокаралар икки давлат раҳбарларининг назорати остида ", — дея таъкидлади Туркистон вилояти ҳокими.